Йўл бўйидаги 10 та яшил шиша сирли воқеага айланди

Йўл бўйидаги 10 та яшил шиша сирли воқеага айланди

Англиянинг Корнуолл графлигидаги A39 Труро–Фалмут автомобиль йўли ёнида жойлашган деворда пайдо бўлган ғайриоддий инсталляция маҳаллий аҳоли ва ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари орасида катта қизиқиш уйғотди. Ҳозиргача ушбу ижодий ғоя муаллифи ким экани номаълумлигича қолмоқда.

Гап девор устига жойлаштирилган яшил шишалар ҳақида кетмоқда. Улар сони болаларга машҳур "Ten Green Bottles" қўшиғидаги каби аста-секин камайиб бормоқда. Кейинчалик экспозицияга кружкалар, безак учун қўйилган ўрдак ҳайкалчалари ва бошқа буюмлар ҳам қўшилиб, деворни янада қизиқарли кўринишга келтирган.

Маҳаллий фуқаро Рейчел Огл ушбу ноодатий ташаббусга бағишлаб "Just Another Mug On The Wall" номли Facebook гуруҳини ташкил қилди. Унинг айтишича, гуруҳга қисқа вақт ичида минглаб одамлар қўшилган ва девордаги ўзгаришларни мунтазам кузатиб бормоқда.

Оглнинг сўзларига кўра, бир пайтлар барча шишалар ғойиб бўлган, бироқ кўп ўтмай яна пайдо бўлиб, кейин яна сони қисқара бошлаган. Унинг фикрича, дастлаб бу ишни бир киши бошлаган бўлса, ҳозирга келиб унга яна бошқа одамлар ҳам қўшилган.

«Ҳар сафар деворда янги буюм пайдо бўлса, одамлар жуда хурсанд бўлади. Бу жой ҳақиқатан ҳам кўпчилик учун қизиқ муҳокама мавзусига айланди», — дейди Рейчел Огл.

Корнуолл кенгаши эса мазкур ҳолатдан хабардор эканини билдириб, девордаги буюмлар жамоат хавфсизлигига таҳдид солмагунча уларга нисбатан ҳеч қандай чора кўрилмаслигини маълум қилди. Бугунга келиб эса йўл бўйидаги ушбу сирли инсталляция маҳаллий аҳоли учун ўзига хос диққатга сазовор манзилга айланган.

Zamin.uz сайтини Google'га қўшинг"Zamin"ни Telegram'да ўқинг!
Zamin AI билан мухокама килингЯнгиликни тахлил килинг, фойдали маслихатлар олинг

Изоҳлар 0

Мавзуга оид янгиликлар