Россияда бензин танқислиги: амалдорларга алоҳида навбат...

Россиянинг камида тўртта ҳудудида айрим ёқилғи қуйиш шохобчалари давлат хизматчилари автомобилларига устувор тартибда бензин бераётгани хабар қилинди.
Маҳаллий нашрлар маълумотига кўра, оддий ҳайдовчилар ёқилғи топиш учун узоқ навбатларда турган бир пайтда, амалдорлар ва давлат ташкилотлари машиналарига бензин алоҳида тартибда қуйиб берилмоқда.
Саратовда заправка фақат давлат хизматчиларига ишламоқда
«7×7» нашрининг ёзишича, бензин сотувига жорий этилган чекловлар 15 июлгача узайтирилган Саратовда «Роснефт»га қарашли заправкалардан бири асосан давлат хизматчилари автомобилларига хизмат кўрсатмоқда.
Маҳаллий «Взгляд-инфо» нашри бу имтиёз фақат тез ёрдам, полиция ёки бошқа фавқулодда хизматлар машиналари билан чекланмаётганини қайд этган.
Ҳайдовчилардан бири шундай деган:
«Кўз ўнгимизда район маъмурияти ходими, МФЦ ва “Россия почтаси” машиналари ёнилғи қуйди. Яна бир мижоз парол сифатида “Ҳукумат” сўзини айтди».
Журналистлар маълумотига кўра, ушбу шохобчада харидорлардан тасдиқловчи ҳужжат сўралмаяпти. Бироқ умумий чеклов сақланиб қолган — бир автомобильга кунига 30 литрдан ортиқ бензин берилмайди.
Краснодарда гувоҳнома кўрсатганларга бензин берилган
Краснодар шаҳар думаси депутати Александр Сафронов Telegram каналида кузатувчиларидан бири олган видеони жойлаштирган.
Унда «Роснефт» шохобчаларидан бирида бензин фақат тегишли гувоҳнома тақдим этган давлат хизматчиларига сотилаётгани кўрингани айтилмоқда.
Оддий ҳайдовчилар «бензин йўқ» деган жавоб олмоқда
ЕАН нашри ўқувчилари Челябинск — Екатеринбург трассасида ҳам шунга ўхшаш вазият кузатилганини билдирган.
Уларнинг айтишича, «Роснефт» заправкасида оддий харидорлар «бензин йўқ» деган важ билан қайтариб юборилган, давлат хизматчиларига эса ёқилғи қуйиб берилган.
Волгоградда фақат ёқилғи картаси билан
Волгограддаги «Газпром» шохобчаларидан бирида ҳам маҳаллий аҳолига бензин эркин сотилмаётгани хабар қилинди.
Ёқилғини фақат махсус картага эга мижозлар харид қилиши мумкин. Бундай карталар барча учун чиқарилган бўлса-да, манбага кўра, амалда улардан асосан фавқулодда хизматлар ва маҳаллий маъмурият вакиллари фойдаланмоқда.
Россияда ёқилғи муаммоси давом этмоқда
Украина дронларининг нефт объектларига ҳужумлари кўпайиши ортидан Россиянинг кўплаб ҳудудларида бензин сотувига чекловлар жорий қилингани айтилмоқда.
Айрим жойларда ҳайдовчилар автомобильга ёқилғи қуйиш учун соатлаб навбатда туришга мажбур бўлмоқда.
Шу билан бирга, Россия ҳукумати мамлакатдаги ёқилғи тақчиллигини жиддий муаммо сифатида баҳоламаяпти. РФ бош вазири ўринбосари Александр Новак ички бозор бензин билан таъминланганини маълум қилган.































Изоҳлар 0
…