Қўшнининг бир илтимоси 27 ёшли йигитнинг ток уришига сабабчи бўлдими?

Қўшнининг бир илтимоси 27 ёшли йигитнинг ток уришига сабабчи бўлдими?

Жиззах вилоятининг Бахмал туманида 27 ёшли йигит электр токи уриши оқибатида ҳалок бўлди. Марҳумнинг яқинлари ушбу фожиада қўшнисини айблаб, воқеага ҳуқуқий баҳо бериш жараёни етарлича олиб борилмаётганидан норози эканини билдирди.

Марҳум Шаҳзод Сайфиддиновнинг ота-онаси Жамолиддин Исаев ва Адолат Исаеванинг сўзларига кўра, фожиа 2026 йил 19 май куни содир бўлган. Айтилишича, қўшниси Аслиддин исмли шахс йигитни уйидаги электр симини улаб бериш учун ёрдамга чақирган.

Ота-онасининг таъкидлашича, улар ўғлини бу ишга бормасликка ундаган. Аммо қўшни уйларига келиб, уни ўзи билан олиб кетган. Орадан кўп ўтмай йигитни электр токи урган.

Яқинларининг иддаосига кўра, воқеадан кейин жабрланувчи ҳали тирик бўлган вақтда уни ариқдаги сувга туширишган. Улар шу ҳолатдан кейин йигит вафот этганини, қўшни эса ҳодиса жойини тарк этганини айтмоқда.

Марҳумнинг оиласи воқеага 15 ёшли ўсмир гувоҳ бўлганини, бироқ унга айрим шахслар томонидан босим ўтказилиб, воқеа ҳақида гапирмаслик сўралганини ҳам маълум қилди.

Мазкур ҳолат юзасидан Бош прокуратура ахборот хизмати воқеани тасдиқлади. Расмий маълумотга кўра, кучли шамол оқибатида узилиб қолган электр симини мустақил равишда тиклашга уриниш вақтида фуқаро техник электр токи таъсирига учраб, воқеа жойида вафот этган.

Суд-тиббий экспертизаси хулосасида ҳам ўлимга электр токи таъсири сабаб бўлгани қайд этилган. Шунингдек, электр тармоғидаги носозлик ваколатли ташкилотларга хабар берилмасдан, ўзбошимчалик билан бартараф этишга уринилгани аниқланган.

Бош прокуратура маълум қилишича, ушбу иш бўйича аввал қабул қилинган процессуал қарор вилоят прокуратураси томонидан бекор қилинган. Ҳозирда воқеанинг барча жиҳатларини тўлиқ ва холис ўрганиш мақсадида қўшимча терговга қадар текширув ҳаракатлари давом этмоқда.

Zamin.uz сайтини Google'га қўшинг"Zamin"ни Telegram'да ўқинг!
Zamin AI билан мухокама килингЯнгиликни тахлил килинг, фойдали маслихатлар олинг

Изоҳлар 0

Мавзуга оид янгиликлар