12:11 / 11.05.2017
7 306

Трамп ва Лавров: “Суриядаги даҳшатли қотилликлар тезроқ тугаши учун ишлаяпмиз”

Трамп ва Лавров: “Суриядаги даҳшатли қотилликлар тезроқ тугаши учун ишлаяпмиз”
АҚШ Президенти Дональд Трамп ва Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров илк маротаба Вашингтонда учрашишди. Учрашувдан сўнг иккала томон ҳам муҳокамалар натижаси ҳақида сўзлади, деб ёзади Qalampir.uz.

“Жаноб Лавров билан жуда яхши учрашув бўлиб ўтди. Биз Суриядаги даҳшатли қотилликлар иложи борича тезроқ тугашини хоҳлаймиз ва ҳаммамиз шу мақсадга эришиш учун ишлаяпмиз”, деди Трамп Оқ уйда журналистларга берган ахборотида.

Оқ уй тарқатган маълумотларга кўра, Трамп Минск келишувини тўлиқ бажариш масаласида Россиянинг масъулияти ҳақида маълум қилган.

Лавров ҳам ўз навбатида АҚШ президенти билан Сурия муаммоси, шунингдек, Украинадаги вазиятларни муҳокама этганини таъкидлади. Лавровнинг айтишича, Трамп Вашингтон Россия билан ўзаро муносабатлардан манфаатдор эканини тасдиқлаган. Шу билан бирга Россия ТИВ раҳбари бир учрашувнинг ўзида мамлакатлар ўртасидаги барча муаммолар ҳал қилинмаганини тан олди.

“Бироқ айнан шу йўналишда ҳаракат қилиш учун ният бор — бу ижобий ҳолат. Президент Трамп муаммоларни ҳал этиш учун ўзаро манфаатли, прагматик муносабатлар қуришга катта қизиқиш билдираётганини аниқ тасдиқлади”, дейди Лавров.

Лавров ва Трамп учрашуви қарийб 40 дақиқа давом этди.

Шу вақтда Россия элчихонаси ўзининг Twitter саҳифасига Трамп ва Россия элчиси Сергей Кислякнинг биргаликдаги суратини жойлаган. Маълум бўлишича, Лавров ва Трамп мулоқоти давомида Кисляк ҳам иштирок этган.

Таъкидлаш жоиз, АҚШ ва Россия президентлари июлда ўтказиладиган G20 саммитида учрашадилар.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Вашингтонда Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров ва АҚШ давлат котиби Рекс Тиллерсон учрашуви бўлиб ўтган эди.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Трамп ва Лавров: “Суриядаги даҳшатли қотилликлар тезроқ тугаши учун ишлаяпмиз”