Германияда топилган 500 килолик Америка бомбаси шаҳарни оёққа турғизди

Германияда топилган 500 килолик Америка бомбаси шаҳарни оёққа турғизди

Германиянинг Кёльн шаҳрида Иккинчи жаҳон уруши давридан қолган авиация бомбаси топилиши йирик хавфсизлик операциясига сабаб бўлди. Топилма туфайли болалар шифохонаси тўлиқ эвакуация қилинди, минглаб аҳоли уйларини вақтинча тарк этишга мажбур бўлди. Бу ҳақда WDR нашри хабар берди.

Маълум қилинишича, оғирлиги 500 килограмм бўлган Америка авиация бомбаси Кёльн-Ниппес туманидаги Йоханнес-Гисбертс боғи яқинида 10 июль куни эрталаб аниқланган. Бомба паркни ободонлаштириш ишлари бошланишидан аввал ўтказилган режали текширувлар давомида топилган. Хавфли топилма ҳақида дарҳол тегишли хизматларга хабар берилган ва ҳудуд атрофида фавқулодда хавфсизлик чоралари кўрилган.

Ўша куни тушдан кейин полиция ва қутқарув хизматлари кенг кўламли эвакуация ишларини бошлади. Мутахассислар соат 15:15 атрофида махсус операция ўтказиб, Иккинчи жаҳон уруши давридан қолган бомбани муваффақиятли тарзда зарарсизлантирди.

Хавфсизликни таъминлаш мақсадида Амстердам штрассе кўчасида жойлашган болалар шифохонасидан 60 нафар бемор, жумладан, муддатидан олдин туғилган чақалоқлар, уларнинг ота-оналари ҳамда тиббиёт ходимлари вақтинча бошқа тиббиёт муассасасига кўчирилди. Шу билан бирга, бомба топилган жой атрофида 500 метрлик хавфли ҳудуд белгиланиб, тахминан 4300 нафар маҳаллий аҳоли эвакуация қилинди.

Zanglagan yirik aviabomba yuk mashinasi kuzovida tasmalar bilan bog'langan.

Зарарсизлантириш операцияси вақтида шаҳарнинг бир қатор муҳим йўллари ҳам вақтинча ёпилди. Хусусан, Иннере Канальштрассе, Амстердам штрассе ва Штаммхаймер штрассе каби асосий кўчалар, шунингдек Зообрюкке (Ҳайвонот боғи кўприги) орқали транспорт ҳаракати ҳам чекланди. Бу эса Кёльннинг турли ҳудудларида катта транспорт тирбандликларини юзага келтирди.

Маълумотларга кўра, эвакуация ишлари туфайли болалар шифохонасининг шошилинч тиббий ёрдам бўлими ҳам вақтинча фаолиятини тўхтатган. Барча беморлар хавфсизлик нуқтаи назаридан Хольвайде шаҳар шифохонасига жойлаштирилган. Расмийларга кўра, операция муваффақиятли якунланганидан кейин беморларни навбатдаги куни яна ўз шифохонасига қайтариш режалаштирилган.

Иккинчи жаҳон уруши тугаганига қарийб саксон йил бўлганига қарамай, Германиянинг турли ҳудудларида ўша даврдан қолган портламаган авиация бомбалари ҳанузгача тез-тез учраб турибди. Шу боис қурилиш ва ободонлаштириш ишларидан аввал махсус текширувлар ўтказиш мамлакатда мажбурий хавфсизлик амалиёти ҳисобланади.

Zamin.uz сайтини Google'га қўшинг"Zamin"ни Telegram'да ўқинг!
Zamin AI билан мухокама килингЯнгиликни тахлил килинг, фойдали маслихатлар олинг

Изоҳлар 0

Мавзуга оид янгиликлар