Парасейлинг фожиаси: сайёҳ 30 метр баландликдан қулаб ҳалок бўлди

70 ёшли австралиялик тадбиркор Таиланднинг Пҳукет оролида дам олаётган вақтида юз берган бахтсиз ҳодиса оқибатида вафот этди. Фожиа 12 июль куни парасейлинг машғулоти чоғида содир бўлган.
Маълум қилинишича, сайёҳ инструктор билан бирга ҳавога кўтарилганидан бир неча сония ўтиб, тахминан 30 метр баландликдан ерга қулаб тушган. Ҳодиса дам олиш масканида бўлиб ўтган ва унинг турмуш ўртоғи парвозни видеога олаётган пайтда фожиа тўлиқ камерага муҳрланган.
Жабрланувчи зудлик билан шифохонага етказилган. Бироқ шифокорларнинг барча саъй-ҳаракатларига қарамай, у олган оғир тан жароҳатлари сабаб ҳаётдан кўз юмган.
Ҳодисадан сўнг парасейлинг инструктори ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан қўлга олинган. Унинг дастлабки кўрсатмасига кўра, ҳавога кўтарилиш вақтида эҳтиётсизлик оқибатида сайёҳни ушлаб турган хавфсизлик мосламасининг қулфлаш ричагини тасодифан босиб юборган. Айни пайтда мазкур ҳолат юзасидан тергов ҳаракатлари давом этмоқда.






























Изоҳлар 0
…