“Love is...” сақичидаги ёқимли расмлар ортида фожиали севги тарихи яширинган

“Love is...” сақичи бир пайтлар ичидаги кичик расмлари билан миллионлаб одамларнинг ёдида қолган. Бу расмлардаги ўғил ва қизча образлари оддий тижорий ғоя эмас, балки Ким Касали ва унинг турмуш ўртоғи Роберто ўртасидаги севгидан пайдо бўлган.
Ким 1960-йиллар охирида Роберто учун салфеткаларга кичик расмлар чизиб берарди. Уларда севги ҳақида қисқа, содда фикрлар ва икки қаҳрамон акс этарди. Вақт ўтиб, бу чизгилар “Love is...” комиксларига айланди ва турли мамлакатларда машҳур бўлди.
Бироқ бу тарихнинг оғир томони ҳам бор. 1975 йилда Робертога давоси йўқ саратон ташхиси қўйилди. Ким эри билан кўпроқ вақт ўтказиш учун комиксларни чизишни бошқа рассомга ишониб топширди.
Роберто 31 ёшида ҳаётдан кўз юмди. У ва Ким аввалдан унинг генетик материалини сақлаб қўйишган эди. Шу сабаб Роберто вафотидан бир ярим йил ўтиб, Ким ўғил фарзандли бўлди. Бу воқеа ўша даврда кўпчиликни ҳайратга солган.

Ким Касали 55 ёшида вафот этди. Лекин у яратган “Love is...” қаҳрамонлари яшаб қолди. Кейинчалик Intergum компанияси уларни сақичлар орқали оммалаштирди ва бу образлар муҳаббат ҳақидаги энг таниқли рамзлардан бирига айланди.































Изоҳлар 0
…