Гайанада паром ағдарилди: 27 киши ҳалок бўлди, 83 киши эса бедарак йўқолди

Гайана соҳиллари яқинида MV Barima йўловчи пароми ағдарилиши оқибатида камида 27 киши ҳалок бўлди, 83 нафарнинг тақдири эса ҳалигача номаълум. Мамлакат бош вазири Марк Филлипснинг маълум қилишича, ҳозирга қадар 69 нафар йўловчи қутқарилган.
Ҳодиса юзасидан қидирув-қутқарув ишлари давом этмоқда. Ҳукумат фожиа сабабларини аниқлаш учун расмий тергов бошлаганини маълум қилди. Бош вазир айбдорлар аниқланса, улар қонун олдида жавоб беришини таъкидлади.
Жамоат ишлари вазири Хуан Эдгиллнинг айтишича, расмий рўйхатда паромда 133 киши борлиги қайд этилган бўлса-да, аслида кемада 179 нафар йўловчи бўлган. Шунингдек, капитан ва экипаж аъзоларидан бири марихуана истеъмол қилгани аниқланган ва улар полиция томонидан қўлга олинган.
Дастлабки маълумотларга кўра, паром катта тўлқин зарбасидан кейин оғиб кетиб, қисқа вақт ичида сувга тўлган. Омон қолганлардан бири Елена Мунсамми сувда қалқиб юрган қутига ёпишиб тирик қолганини, аммо икки ёшли фарзанди билан ажралиб қолганини айтди.
Қутқарилганлар орасида камида 15 нафар бола бор. Қидирув ишларига Француз Гвианасидан юборилган ғаввослар ва шифокорлар ҳам жалб этилган. Соғлиқни сақлаш вазирлигига кўра, тирик қолганларнинг аксарияти енгил жароҳатлар билан шифохонадан жавоб берилган.






























Изоҳлар 0
…