Ҳувайдо Жумаева: "Сериал ва кинодан кўра Бобур Мансуровнинг вайнлари обрўлироқ" (видео)

Комик актриса Ҳувайдо Жумаева Жамшид Бобожонов бошловчилик қилаётган "Жамулжам" лойиҳасида бугунги кунда актёр ва актрисалар учун Бобур Мансуровнинг вайнларида суратга тушиш сериал ёки киноларда рол ижро этишдан ҳам обрўлироқ бўлиб қолганини таъкидлади.
Актрисанинг сўзларига кўра, авваллари машҳур режиссёр Рустам Садиев фильмларида рол ўйнашни орзу қилган бўлса, бугунги кунда кўплаб санъаткорларнинг мақсади Бобур Мансуров билан ишлашга айланган.
"Ҳозирги пайтда сериал ва кинолардан кўра Бобур Мансуровнинг вайнларида чиқиш кўпроқ обрў беряпти. Олдинлари "қанийди Рустам Садиевнинг фильмларида ўйнасам", деб орзу қилардик. Ҳозир эса актёр ва актрисаларнинг 70 фоизи "қанийди мени Бобур Мансуров чақирса", деб юрибди", — деди Ҳувайдо Жумаева.
Суҳбат давомида бошловчи Жамшид Бобожонов актрисадан Бобур Мансуровдан илк таклиф қандай келгани ҳақида ҳам сўради.
Бу саволга жавобан Ҳувайдо Жумаева қўнғироқ мутлақо кутилмаганда бўлганини айтди.
"Жиззахдаги тадбирдан қайтаётганимизда телефон қилди. Овозидан дарров танидим. Жуда самимий ва муомаласи зўр инсон. "Опажон, сизни суратга олишга таклиф қилмоқчи эдик", деганида "Мен шу қўнғироқни неча ойдан бери кутяпман-ку", дедим. Мен ҳис-туйғуларимни яширмайман. Дарров розилик бердим ва кейин қолган масалаларни гаплашиб олдик", — дея хотираларини ўртоқлашди.
Актрисанинг ушбу фикрлари ижтимоий тармоқларда ҳам қизғин муҳокама қилинмоқда. Айримлар унинг Бобур Мансуров ижодига берган баҳосини қўллаб-қувватлаган бўлса, бошқалар бу мавзу юзасидан ўз фикрларини билдирмоқда.






























Изоҳлар 0
…