Тоғ шери ҳужумида аёл ҳалок бўлди: 1999 йилдан бери илк фожиа

АҚШнинг Колорадо штатида табиат қўйнида сайр қилган аёл тоғ шерининг камёб ҳужуми оқибатида ҳалок бўлди. Ҳодиса Лаример округидаги Крозер-Маунтин сайр йўлида Янги йил куни соат 12:15 атрофида содир бўлган. Ҳужумга алоқадор бўлиши мумкин бўлган икки тоғ шери топилиб, аҳоли хавфсизлигини таъминлаш мақсадида йўқ қилинган. Мутахассислар икки шердан фақат бири ҳужумда иштирок этган бўлиши эҳтимолини ҳам инкор қилмаяпти.
АҚШнинг Колорадо штатида табиат қўйнида сайр қилган аёл тоғ шерининг камёб ҳужуми оқибатида ҳалок бўлди. Мазкур фожиа штатда сўнгги ўнлаб йилларда кузатилган энг жиддий воқеалардан бири сифатида қайд этилмоқда.
Ҳодиса Лаример округидаги Крозьер-Маунтин сайр йўлида содир бўлган. Янги йил куни соат 12:15 атрофида йўлдан ўтаётган сайёҳлар ерда ҳаракатсиз ётган одам ва унинг яқинида турган тоғ шерини кўриб қолган.
Гувоҳлар ҳайвонга яқинлашиб, уни тош отиб қўрқитишга уринган. Шундан сўнг йиртқич ҳудудни тарк этган. Улардан бири шифокор бўлгани учун жабрланувчини текширган, аммо унинг юрак уришини аниқлай олмаган.
Шундан кейин ҳодиса жойига Колорадо Парклар ва Ёввойи табиат хизмати ходимлари, полиция, парк қўриқчилари ҳамда кўнгилли ўт ўчирувчилар етиб келган. Қидирув ишларига вертолётда ҳудудни ўрганаётган штат биологи ҳам жалб қилинган.
Мутахассислар тоғ шерларини аниқлашда махсус итлардан ҳам фойдаланган. Натижада ҳужумга алоқадор бўлиши мумкин бўлган икки тоғ шери топилиб, йўқ қилинган.
Ёввойи табиат мутасаддилари ҳайвонларнинг бири ҳодиса жойида отилганидан кейин қочиб кетганини, кейинроқ топилиб, қайта отилганини маълум қилди. Иккинчи тоғ шери эса воқеа жойига яқин ҳудуддан аниқланган.
Қоидаларга кўра, инсонга ҳужум қилган деб гумон қилинган ёввойи ҳайвонлар аҳоли хавфсизлигини таъминлаш мақсадида йўқ қилинади. Шу билан бирга, мутахассислар икки шердан фақат бири ҳужумда иштирок этган бўлиши эҳтимолини ҳам инкор қилмаяпти.






























Изоҳлар 0
…