«Ғўдайиб эмас, оғзингдан бол томиб гаплаш»: Эркинжон Турдимов Сирдарёдаги амалдорларни аямади

«Ғўдайиб эмас, оғзингдан бол томиб гаплаш»: Эркинжон Турдимов Сирдарёдаги амалдорларни аямади
ҚисқачаAI ёрдамида тайёрланганКўрсатиш
  • Сирдарё вилояти ҳокими Эркинжон Турдимов фуқаролар мурожаатлари билан ишлаш тизимидаги камчиликларни кескин танқид қилиб, амалдорларни аҳоли билан самимий ва ҳурмат асосида мулоқот қилишга чақирди.
  • «Сирдарё халқ назорати» платформасига 20 кунда 6 040 та мурожаат келиб тушган бўлиб, уларнинг аксарияти бандлик ва уй-жой коммунал хизматлар масалаларига тўғри келади.

Сирдарё вилояти ҳокими Эркинжон Турдимов вилоятдаги давлат хизматчилари, ташкилот раҳбарлари ҳамда маҳалла еттилиги вакиллари иштирокида ўтказилган муҳокамада фуқаролар мурожаатлари билан ишлаш тизимини кескин танқид остига олди. Вилоят раҳбари амалдорларни манманликни йиғиштириб, аҳоли билан самимий ва ҳурмат асосида мулоқот қилишга чақирди.

«Ҳамма ўзига бир савол берсин: Вазифам нимадан иборат? Билиб қўйинглар, ҳаммамизнинг вазифамиз битта — халққа хизмат қилиш, халқнинг муаммосини ечиб бериш! Бошқа дардинг йўқ. Жамиятга хизмат қилиш — бизнинг ойлигимизнинг асоси. Агар сен фуқарони эшитмайдиган, унинг муаммосини ҳал қилмайдиган бўлсанг, сенинг нима керагинг бор?» — дея таъкидлади Эркинжон Турдимов.

«Халқ назорати»да 20 кун: Рақамлар ва энг оғриқли соҳалар

Вилоятда 20 кун аввал ишга туширилган «Сирдарё халқ назорати» электрон платформасига қисқа муддат ичида жами 6 040 та мурожаат келиб тушган. Аҳолини энг кўп қийнаётган масалалар қуйидагича тақсимланди:

  • Бандлик ва камбағаллик: 2 994 та мурожаат (жами шикоятларнинг қарийб ярми);

  • Уй-жой ва коммунал хизматлар: 1 000 дан ортиқ мурожаат;

  • Ижтимоий ҳимоя масалалари: 450 та мурожаат.

Бироқ муҳокамада асосий эътибор рақамларга эмас, балки мурожаатларнинг ижроси сунъий равишда пайсалга солинаётганига қаратилди.

Қайси ҳудуд ва соҳаларда мурожаатлар кечикмоқда?

Ҳудудлар ва ташкилотлар кесимида муддати ўтиб кетган мурожаатлар бўйича жиддий камчиликлар аниқланди:

  • Ҳудудлар кесимида: Вилоят ташкилотларида — 187 та, Боёвут туманида — 108 та, Янгиер шаҳрида — 74 та, Мирзаобод туманида — 63 та мурожаатнинг кўриб чиқиш муддати бузилган;

  • Айрим ижрочилардаги антирекордлар:

    • «Тоза ҳудуд» корхонасида келиб тушган 116 та мурожаатнинг 68 таси муддатидан ўтган;

    • Боёвут тумани бандлик бўлимида 43 та мурожаатдан 36 таси кечиккан;

    • Сардоба тумани кадастр бўлимида эса ижрода бўлган барча 25 та мурожаат (100%) муддатида кўрилмаган.

«Муаммони кўрмаса, кўзи кўр-ку унинг»: Маҳалла масъуллари нега жим?

Вилоят раҳбари маҳаллалардаги хотин-қизлар фаоллари ва ижтимоий ходимларнинг мутлақ пассивлигини қаттиқ қоралади. Таҳлилларга кўра, 2 742 та ҳолатда фуқаролар маҳалладаги масъулларга эмас, тўғридан-тўғри вилоят ҳокимининг ўзига мурожаат қилишга мажбур бўлган.

Вилоятдаги 221 та маҳаллада фаолият юритувчи хотин-қизлар фаолларининг 80 нафари (36 фоизи) ҳамда ижтимоий ходимларнинг 16 нафари (7 фоизи) 20 кун давомида тизимга бирорта ҳам муаммо ёки масала киритмаган:

«Мана, Зарбдор маҳалласида 25 нафар фуқародан 22 таси менга тўғридан-тўғри мурожаат қилган. Нега фақат 3 тасини хотин-қизлар фаоли қўйган? Ижтимоий ҳимоя ходими эса умуман битта ҳам масала киритмаган. Ёнидаги одамнинг муаммосини кўрмаса, кўзи кўр-ку унинг! Оғзингдан бол томиб фуқаро билан гаплашишинг керак. Ғўдайиб эмас, ўзингни юқори қўйиб эмас, худдики дўстинг, онанг, опанг ёки аканг келгандай муомала қилишинг шарт!» — деди ҳоким.

Интизомий жазолар ва вазифага лойиқлик масаласи

Йиғилиш якунида Эркинжон Турдимов муддати ўтган ҳар бир мурожаат бўйича аниқ натижага эришиш юзасидан қатъий кўрсатмалар берди. Лоқайдликка йўл қўйган раҳбарларга нисбатан чоралар белгиланди:

  • 2 нафар масъулнинг эгаллаб турган лавозимига лойиқлиги масаласи тегишли идоралар билан биргаликда кўриб чиқиладиган бўлди;

  • 3 нафар раҳбарга нисбатан навбатдаги интизомий жазо чоралари қўлланилиши белгиланди.

Вилоят раҳбари асосий мезон шунчаки мурожаатларни ёпиш эмас, балки одамлар бир масала билан иккинчи марта давлат идораси эшигига келишга мажбур бўлмаслиги кераклигини уқтирди.

Изоҳлар 0

…

Мавзуга оид янгиликлар