Трамп АҚШ ҳукумати учун "сунъий интеллект" атамасини ўзгартирди

Трамп АҚШ ҳукумати учун "сунъий интеллект" атамасини ўзгартирди

АҚШ Президенти Дональд Трамп 29 сентябрь куни федерал ҳукумат ҳужжатларида “сунъий интеллект” ва “AI” атамаларидан воз кечиб, уларнинг ўрнига “супер интеллект” ва “SI” атамаларидан фойдаланишни назарда тутувчи фармонни имзолади. Бу ҳақда Оқ уй хабарига таяниб, хорижий ОАВ маълум қилди.

Фармонга кўра, АҚШ ижро ҳокимияти таркибидаги барча департамент ва идоралар расмий ёзишмалар, оммавий хабарлар, веб-сайтлар, ҳисоботлар, сиёсий ҳужжатлар ҳамда қонунчилик ҳужжати ҳисобланмайдиган бошқа материалларда “Super Intelligence” ва “SI” атамаларидан фойдаланиши керак.

Ҳужжатда “сунъий интеллект” атамаси технологиянинг жадал ривожланиб бораётган имкониятларини тўлиқ ифодаламагани қайд этилган. Фармонда “супер интеллект” ибораси ушбу технологияларнинг салоҳияти ва ривожланиш имкониятларини яхшироқ акс эттириши таъкидланган.

Шу билан бирга, бу ўзгариш “сунъий интеллект” атамаси дунё миқёсида расман бекор қилинганини англатмайди. Фармоннинг талаблари АҚШ федерал ижро ҳокимияти доирасидаги расмий материалларга тааллуқли.

Маълумот учун, “Artificial Intelligence” атамаси 1955 йил 31 августда тайёрланган Дартмут ёзги тадқиқот лойиҳаси таклифида қўлланган. Ҳужжат муаллифлари Жон Маккарти, Марвин Минский, Натанил Рочестер ва Клод Шеннон бўлган.

Изоҳлар 0

…

Мавзуга оид янгиликлар