Олимлар 120 миллион йиллик “тўрт қанотли” динозаврни аниқлади

ҚисқачаAI ёрдамида тайёрланганКўрсатиш
- Хитойда топилган, тахминан 120 миллион йил аввал яшаган Нореллраптор барсболди номли кичик йиртқич динозаврнинг янги тури аниқланди.
- Ушбу динозаврнинг орқа оёқларида ҳам узун патлар бўлгани, бу эса унга дарахтлар орасида сирғалиб юриш ёки ҳатто учиш имконини берган бўлиши мумкинлиги тахмин қилинмоқда.
Палеонтологлар тахминан 120 миллион йил аввал яшаган, танасининг нафақат олд қисмида, балки орқа оёқларида ҳам узун патлари бўлган кичик йиртқич динозаврнинг янги турини аниқлади. Унинг деярли тўлиқ сақланган скелети Хитойдан топилган.
Тадқиқот натижалари Nature Communications илмий журналида эълон қилинди.
Олимлар янги турга Norellraptor barsboldi деб ном берди. Динозаврнинг номи 2025 йилда вафот этган таниқли америкалик палеонтолог Марк Аллен Норелл ҳамда унинг мўғулистонлик ҳамкасби Ринчен Барсболд хотирасига бағишланган. Ҳар икки олим ҳам қушларга ўхшаш динозаврларни ўрганиш ва уларнинг эволюциясини тадқиқ этишга катта ҳисса қўшган.
Янги динозаврнинг деярли бутун ҳолда сақланиб қолган скелети 2023 йилда Хитойнинг Лиаонинг провинцияси ҳудудидан топилган. Унинг танаси жуда кичик бўлиб, узунлиги атиги 57 сантиметрни ташкил этган.
Тадқиқотчиларнинг ҳисоб-китобларига кўра, Norellraptor barsboldi тахминан 120 миллион йил муқаддам, яъни бўр даврининг бошларида яшаган.
Динозавр қолдиқларини микроскоп ёрдамида ўрганиш ҳам қизиқарли маълумотларни берди. Суяк тўқималари таҳлили ҳайвон ҳалок бўлган вақтда камида уч ёшда бўлганини кўрсатган. Гарчи у ҳали тўлиқ вояга етмаган бўлса-да, гавдасининг ҳажми жиҳатидан катта динозаврларга хос ўлчамга деярли етиб бўлган.
Norellraptor barsboldi теропод динозаврлар таркибига кирувчи дромеозаврлар оиласининг микрорапторлар гуруҳига мансуб. Бу гуруҳ вакилларининг энг ўзига хос жиҳатларидан бири эса уларда нафақат олдинги, балки орқа оёқларда ҳам узун патларнинг мавжуд бўлганидир.

Олимларнинг тахминига кўра, ана шу патлар микрорапторларга дарахтлар орасида ҳаракатланишда ёрдам берган. Улар ҳозирги учувчи олмахонлар каби бир дарахтдан бошқасига ҳавода сирғалиб ўтиш имкониятига эга бўлган бўлиши мумкин.
Бироқ микрорапторларнинг ҳаракатланиш қобилияти бундан ҳам мураккаб бўлган эҳтимол бор. Айрим тадқиқотчилар ушбу динозаврлар фақат ҳавода сирғалибгина қолмаган, балки фаол равишда уча олган бўлиши мумкин, деган фикрни ҳам истисно этмаяпти.
Ташқи кўриниши жиҳатидан микрорапторлар машҳур археоптериксларга анча ўхшайди. Шунга қарамай, улар бир хил гуруҳга кирмайди. Микрорапторлар ва археоптерикслар патли динозаврларнинг бир-бирига яқин, аммо алоҳида эволюцион тармоқлари ҳисобланади.
Янги топилманинг асосий илмий аҳамияти эса динозавр танасида парвозга мослашув билан боғлиқ 50 дан ортиқ анатомик белги аниқлангани билан изоҳланади. Бу хусусиятларнинг аксарияти ҳам микрорапторларда, ҳам қушларнинг қадимги аждодларида учрайди.
Бироқ олимлар бу белгилар икки гуруҳда бир хил тартибда ва бир хил кетма-кетликда шаклланмаганини аниқлаган. Шу сабабли тадқиқотчилар динозаврлар эволюцияси давомида учиш қобилияти камида икки марта, бир-биридан мустақил равишда пайдо бўлган бўлиши мумкин, деган хулосани илгари сурмоқда.
Шу билан бирга, тадқиқот муаллифлари мазкур тахминни ҳозирча қатъий илмий хулоса сифатида қабул қилишга эрта эканини таъкидламоқда. Бу фикрни ишончли тасдиқлаш учун келгусида қўшимча топилмалар ва янги тадқиқотлар зарур.
Янги динозаврнинг топилиши эса қадимги жонзотларнинг қандай яшагани, ҳаракатлангани ва учиш қобилиятига қай тарзда эга бўлганини тушунишда муҳим маълумотлар бериши мумкин.






























Изоҳлар 0
…