Анвар Собиров тўйлардаги одатни танқид қилди: “Санъаткорнинг устидан пул сочиш — ҳақорат”

“Афиша”га берган интервюсида хоразмлик хонанда ва актёр Анвар Собиров тўйларда санъаткорнинг устидан пул сочиш ҳолатига муносабат билдирди.
Ундан “Тўйларда санъаткорнинг устидан пул сочиш ҳолатига муносабатингиз қандай ва сиздан пул сочилганда вазиятдан қандай чиқасиз?” деб сўралган.
“Мен буни санъаткор учун ҳақорат деб биламан. Санъаткорнинг санъати пул билан баҳоланмайди. У ўтириб эшитиш, қарсак ва ҳурмат билан баҳоланади. Бу бизга чет элдан кириб келган одат. Устозларимиз даврида бундай нарса бўлмаган.
Пулинг кўп бўлса, санъаткорни ҳурмат қилган ҳолда чўнтагига қистириб қўй. Кўнглингдан чиқса бер, чиқмаса ҳеч ким мажбур эмас. Лекин унинг устидан пул сочиш нотўғри. Биринчидан, пулда юртимизнинг герби бор. Уни оёқ ости қилиш мумкин эмас. У миллатнинг юзи”, — деди хонанда.
Анвар Собиров бундай ҳолат ўзининг ҳам бошидан ўтганини айтди. Унинг фикрича, кўпинча пул сочаётган одам буни ўзида бўлган ҳолда қилмайди, балки спиртли ичимлик таъсирида шундай ҳаракат қилади. Бундай вазиятда санъаткорнинг ўша жойнинг ўзида эътироз билдириши эса тўй эгасини ноқулай аҳволга солиб қўйиши мумкин.
Хонанда пул сочиш санъаткорнинг обрўсини оширмаслигини, аксинча, одамларнинг унга бўлган муносабатига салбий таъсир қилиши мумкинлигини таъкидлади.
“Шунча пулинг кўп бўлса, етим-есирга, эҳтиёжмандга бер. Санъаткорга у ердан оладиган пули етади. Берадиган бўлсанг, ҳурмат билан бер. Санъаткорнинг устидан пул сочиш унга ҳурмат эмас, ҳақорат”, — деди Анвар Собиров.
Унинг фикрлари ижтимоий тармоқларда ҳам кузатувчилар томонидан қўллаб-қувватланиб, илиқ изоҳлар қолдирилган.
Сиз Анвар Собировнинг фикрларига қўшиласизми? Фикрингизни изоҳларда ёзиб қолдиринг.






























Изоҳлар 0
…