Жаҳон тожи учун жанг: Шахмат элитаси нега Гукешга қарши баҳсда Синдаровни фаворит деб ҳисобламоқда?

ҚисқачаAI ёрдамида тайёрланганКўрсатиш
- 2026-йилги Жаҳон тожи учун кечадиган матчда кўпчилик шахмат мутахассислари Ўзбекистон вакили Жавоҳир Синдаровни фаворит деб ҳисобламоқда.
- 18 нафар нуфузли экспертнинг 10 нафари айнан Синдаровнинг ғалаба қозонишига ишонч билдирган, 6 нафари эса имкониятларни тенг баҳолаган.
- Магнус Карлсен, Ян Непомняший ва Владислав Артемиев каби таниқли гроссмейстерлар ҳам Жавоҳир Синдаровнинг устунлигини таъкидлаган.
2026 йилги шахмат оламининг энг кутилган ва муҳим воқеаси — амалдаги жаҳон чемпиони Гукеш Доммаражу ҳамда даъвогар Жавоҳир Синдаров ўртасидаги Жаҳон тожи учун кечадиган матч тобора яқинлашмоқда. Женевада бўлиб ўтадиган ушбу тарихий учрашув олдидан дунёнинг етакчи гроссмейстерлари, таниқли экспертлари ва машҳур шахмат блогерлари ўз тахминлари билан ўртоқлашди.
UzChess хабари ҳамда rookreview.com таҳлилий платформаси жамлаган 18 нафар нуфузли мутахассиснинг хулосаларига кўра, устунлик кутилмаганда Ўзбекистон вакили томонида:
10 нафар эксперт — Жавоҳир Синдаровни бўлажак матчнинг асосий фаворити деб билади.
6 нафар мутахассис — икки ёш вундеркинднинг имкониятларини тенг (50/50) баҳолаган.
Атиги 2 киши — ҳиндистонлик амалдаги чемпион Гукешнинг ғалабасига ишонч билдирган.
Карлсен Синдаровни танлади, Накамура эса Гукеш томонда
Шахмат бўйича кўп карра жаҳон чемпиони ва сайёрамизнинг биринчи рақамли шахматчиси Магнус Карлсен очиқчасига Синдаровнинг муваффақиятини кутаётганини билдирган. Норвегиялик юлдуз ўзбек гроссмейстерининг ўйинини ҳар томонлама мукаммалроқ ва барқарорроқ деб атаган.
Жаҳон тожи учун икки бор баҳс олиб борган Ян Непомняший имкониятларни 65:35, россиялик кучли гроссмейстер Владислав Артемиев эса 60:40 нисбатида айнан Синдаров фойдасига баҳолаган. Шунингдек, гроссмейстер Александр Шиманов Синдаровнинг имкониятини ҳатто 100% деб кўрсатган бўлса, Люк Макшейн ва Андрей Есипенко ҳам Жавоҳирни «аниқ фаворит» сифатида эътироф этган.
Бунга зид равишда, АҚШ вакили Ҳикару Накамура Гукешни мутлақ фаворит (100%) деб атаб, амалдаги чемпион руҳий босимни енгиб ўта олса, рақибига ҳеч қандай имконият қолдирмаслиги мумкинлигини таъкидлаган. Беларусь вакили Денис Лазавик ҳам Гукешнинг тарафини олган кам сонли экспертлардан бўлди.
Экспертлар фикри ва баҳоларининг тўлиқ жадвали:
Сана | Мутахассис | Гукеш | Синдаров |
14.09.2026 | Магнус Карлсен (Норвегия) | — | Фаворит |
10.09.2026 | Максим Вашье-Лаграв (Франция) | 50% | 50% |
08.09.2026 | Ян Непомняший (ФИДЕ) | 35% | 65% |
27.08.2026 | Владислав Артемиев (ФИДЕ) | 40% | 60% |
10.08.2026 | Ян-Кшиштоф Дуда (Польша) | — | Фаворит |
01.08.2026 | Дина Беленькая (ФИДЕ) | 20% | 80% |
01.08.2026 | Майк Кляйн (АҚШ) | 50% | 50% |
30.07.2026 | Люк Макшейн (Англия) | — | Аниқ фаворит |
25.07.2026 | Аниш Гири (Нидерландия) | 50% | 50% |
22.07.2026 | Ҳанс Моке Ниманн (АҚШ) | 50% | 50% |
17.07.2026 | Александр Шиманов (ФИДЕ) | 0% | 100% |
09.06.2026 | Правин Типсей (Ҳиндистон) | 50% | 50% |
28.05.2026 | Денис Лазавик (Беларусь) | Фаворит | — |
22.05.2026 | Андрей Есипенко (ФИДЕ) | — | Аниқ фаворит |
21.05.2026 | Фаустино Оро (Аргентина) | — | Фаворит |
14.05.2026 | Леви Розманов (GothamChess) (АҚШ) | 45% | 55% |
01.05.2026 | Винсент Каймер (Германия) | 50% | 50% |
16.04.2026 | Ҳикару Накамура (АҚШ) | 100% | 0% |
Тож учун жанг қачон ва қаерда бўлади?
Гукеш Доммаражу ҳамда Жавоҳир Синдаров ўртасидаги FIDE Жаҳон чемпионлиги матчи 22 ноябрдан 12 декабргача Швейцариянинг Женева шаҳрида бўлиб ўтади.
Регламентга мувофиқ, илк классик партия 24 ноябр куни бошланади. Шахмат мутахассисларининг кўпчилиги устунликни ҳамюртимизга бераётгани баҳс олдидан қизиқиш ва интригани мисли кўрилмаган даражада ошириб юборди.































Изоҳлар 0
…