26 ёшли инфлюенсер ошқозон саратонидан вафот этди

ҚисқачаAI ёрдамида тайёрланганКўрсатиш
- 26 ёшли Хитойлик инфлюенсер Хихи Хубао (асл исми Сюй Сзитин) ошқозон саратонидан вафот этди.
- У ижтимоий тармоқларда ўзининг соғлом турмуш тарзига унчалик амал қилмаганини, жумладан, кеч ухлашини, кам овқатланишини, сув ўрнига қаҳва ва сутли чой ичишини, тез-тез тайёр овқат истеъмол қилишини ва ёғли ҳамда аччиқ таомларни яхши кўришини очиқ айтган эди.
Хитойнинг Шэньян шаҳрида яшаган 26 ёшли инфлюенсер Xixi Xubao, асл исми Сюй Цзытин, ошқозон саратони билан курашиб, вафот этди. У касалликка чалинишидан аввалги овқатланиш тартиби ва кундалик одатлари ҳақида ижтимоий тармоқларда очиқ гапирган эди.
Xixi 28 сентябрь, душанба куни ошқозон саратони оқибатида ҳаётдан кўз юмди. Эртанги куни, 29 сентябрьда унинг ижтимоий тармоқдаги саҳифасида вафоти ҳақида обуначиларига хабар берилди.
Унда Xixi’нинг ҳаётига оид илиқ хотиралар билан бирга, уни қўллаб-қувватлаган ва ғамхўрлик қилган барча инсонларга миннатдорлик билдирилган.
“Xixi эркин, жўшқин, жасур ва меҳрибон бўлиб ҳаёт кечирди. Унинг ҳаёт йўли давомида қўллаб-қувватлаган ва ғамхўрлик қилган барча инсонларга раҳмат”, — дейилади хабарда.
Вафотидан олдин Xixi ижтимоий тармоқларда ўзининг овқатланиш одатлари ва кундалик тартиби ҳақида видеолар жойлаб борган. Ушбу видеоларда инфлюенсер ўзининг соғлом турмуш тарзига унчалик амал қилмаганини очиқ айтган.
Унинг сўзларига кўра, одатда ҳар куни тунги соат 00:00 дан 02:00 гача бўлган вақтда ухлашга ётарди. Шунингдек, у бир кунда икки маҳал овқатланишини ва овқатлар орасида узоқ танаффус бўлишини маълум қилган.
Xixi сув ичишни ёқтирмаслигини, кунига икки пиёла қаҳва истеъмол қилишини ва ҳафтасига уч-тўрт марта сутли чой ичишини айтган.
Бундан ташқари, у кўпинча тайёр овқат буюртма қилишини ёки умумий овқатланиш жойларида овқатланишини билдирган. Инфлюенсер ёғли ва аччиқ таомларни яхши кўришини ҳам яширмаган.

Xixi ўзини овқат танлашда жуда инжиқ инсон сифатида таърифлаган. Айниқса, мева ва сабзавотларни хуш кўрмаслигини айтган.
2025 йил январь ойининг бошларида унда дастлабки безовталиклар пайдо бўла бошлаган. Овқатланиш пайтида таомнинг қийин ўтиши, кекириш, қорин дам бўлиши ва иштаҳанинг пасайиши каби белгилар кузатилган.
Орадан кўп ўтмай унга ошқозон саратони ташхиси қўйилган. Шундан сўнг Xixi даволаниш жараёнини ҳам ижтимоий тармоқларда мунтазам равишда ёритиб борган.
Xixi хорижда таҳсил олган. Хитойга қайтгач, Шэньян ва Далянь шаҳарларида Jifu номли нонвойхона брендини йўлга қўйган. Бизнеси энг юқори чўққисига чиққан пайтда бренднинг олтита филиали мавжуд бўлган. У вафот этган вақтда эса уларнинг тўрттаси фаолият юритаётган эди.
Мутахассислар ошқозон саломатлигини асраш учун мева ва сабзавотларни етарли миқдорда истеъмол қилиш, шунингдек, тузли, ёғли ва қайта ишланган маҳсулотларни камайтиришни тавсия этади.
Шунингдек, чекишдан воз кечиш, алкогол истеъмолини ҳафтасига 14 бирликдан оширмаслик ва соғлом вазнни сақлаш ҳам муҳим экани таъкидланади.
Ошқозон билан боғлиқ муаммолар узоқ вақт давом этса, шифокорга мурожаат қилиш ва ошқозон саратони билан боғлиқ инфекциялардан бири бўлган H. pylori бактериясига текширувдан ўтиш заруриятини аниқлаш тавсия этилади.
Доимий ҳазм бузилиши, сабабсиз вазн йўқотиш ва бошқа хавотирли белгиларни ҳам эътиборсиз қолдирмаслик керак.






























Изоҳлар 0
…