Москва аэропорти ҳожатхонасидан аёл ва чақалоқ жасади топилди

Москва аэропорти ҳожатхонасидан аёл ва чақалоқ жасади топилди
ҚисқачаAI ёрдамида тайёрланганКўрсатиш
  • Москвадаги Шереметево аеропортида 2 октябр куни аёл ва янги туғилган чақалоқнинг жасади топилди.
  • Дастлабки тахминларга кўра, 30 ёшли аёл аеропорт ҳожатхонасида фарзанд дунёга келтирган ва чақалоқнинг ўлимига унинг ҳаракатлари сабаб бўлган.
  • Аёл кўп қон йўқотиши оқибатида вафот этган, унинг эри эса аёлининг ҳомиладорлигидан бехабар бўлган.
  • Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Москвадаги Шереметьево аэропортида оғир воқеа қайд этилди. 2 октябрь куни аэропортнинг учиб келиш зонасидаги ҳожатхоналардан биридан аёл ва янги туғилган чақалоқнинг жасади топилди. Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилган.

Бу ҳақда Москва вилояти бўйича Тергов бошқармаси маълумотларига таяниб, “Meduza” хабар берди.

Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар маълумотига кўра, дастлабки тахминлар бўйича 30 ёшли аёл аэропорт ҳожатхонасида фарзанд дунёга келтирган. Терговнинг дастлабки версиясида чақалоқнинг ўлимига аёлнинг ҳаракатлари сабаб бўлгани айтилмоқда.

Куч ишлатар тузилмаларга яқин бўлган “Mash”, “Baza” ва “112” Telegram-каналлари тарқатган маълумотларга кўра, аёл Туркиядан Москвага учиб келган. Аэропортда унинг тўлғоғи бошланган ва у ҳожатхона кабиналаридан бирига кириб олган.

Маълум қилинишича, аёлнинг чинқириқларини эшитган ва ҳожатхонада қон изларини кўрган одамлар унга ёрдам беришга уринган. Бироқ у кўрсатилаётган ёрдамни рад этган.

Шундан сўнг аёлга тиббий ёрдам кўрсатиш учун шифокорлар чақирилган. Аммо у кўп қон йўқотиши оқибатида вафот этган.

“Mash” нашри тарқатган маълумотларга кўра, марҳума асли украиналик бўлган ва ўзини ўзи мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикасида (ЛХР) рўйхатдан ўтган.

Нашрнинг ёзишича, аёл Туркиядан эри ва 11 ёшли қизи билан бирга келган. Эри эса аёлининг ҳомиладор бўлганидан бехабар эканини билдирган.

Ҳозирда мазкур ҳолат бўйича тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Воқеанинг барча тафсилотлари, аёл ва чақалоқнинг ўлимига олиб келган ҳолатлар ҳамда ҳодисанинг аниқ сабаблари тергов доирасида ўрганилмоқда.

Изоҳлар 0

…

Мавзуга оид янгиликлар