Грузияда 13 ёшли Озарбайжон фуқароси эгизак фарзандли бўлди

Грузиянинг Марнеули шаҳрида 13 ёшли Озарбайжон фуқароси эгизак фарзандли бўлди. Чақалоқлардан бири вафот этган, иккинчисининг аҳволи оғир экани хабар қилинди. Ҳодиса юзасидан Грузия Ички ишлар вазирлиги тергов бошлади.
Маълумотларга кўра, воқеа ҳақида дастлаб ҳуқуқ ҳимоячиси Самира Байрамова хабар берган. Унинг айтишича, 13 ёшли қиз Озарбайжон фуқароси, у билан никоҳланган эркак эса Грузия фуқароси бўлган. Бу маълумотлар ҳозирча ҳуқуқ ҳимоячисининг баёнотларига асосланган.
Чақалоқлар туғилган тиббиёт муассасаси воқеа юзасидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат қилган. Грузия Ички ишлар вазирлиги ҳам ҳолат бўйича жиноий иш доирасида тергов бошланганини тасдиқлаган.
Тергов Грузия Жиноят кодексининг 140-моддаси 1-қисми асосида олиб борилмоқда. Мазкур норма 16 ёшга тўлмаган шахс билан жинсий алоқа қилиш учун жавобгарликни назарда тутади.
Ҳозирча тергов доирасида гумонланувчининг шахси ва унга нисбатан қандай процессуал чора кўрилгани ҳақида расмий маълумот берилмаган.






























Изоҳлар 0
…