Жазоирда болаларни ўғирлаш ва қасддан ўт қўйиш учун ўлим жазоси белгиланиши мумкин

Жазоирда болаларни ўғирлаш ва қасддан ўт қўйиш учун ўлим жазоси белгиланиши мумкин

Жазоир парламентининг қуйи палатаси Жиноят кодексига жиддий жиноятлар учун жазони кучайтирувчи ўзгартиришларни маъқуллади. Янги қоидалар қасддан ўт қўйиш ва болаларни ўғирлаш каби жиноятлар учун ўлим жазосини назарда тутади.

Қонун лойиҳаси мамлакатда август ойи охирида содир бўлган йирик ўрмон ёнғинларидан кейин тайёрланган. Расмий маълумотларга кўра, 27–30 август кунлари Жазоирнинг шарқий ҳудудларидаги ёнғинларда 12 киши ҳалок бўлган.

Янги ўзгартиришларга кўра, ўрмон ва далаларга қасддан ўт қўйиш, шунингдек, давлат ёки хусусий мулкни айрим оғир жиноятлар доирасида атайлаб йўқ қилиш ҳолатлари учун ҳам энг оғир жазо қўлланиши мумкин.

Бундан ташқари, болани қандай усулда бўлишидан қатъи назар ўғирлаганлик учун ҳам ўлим жазоси белгиланиши кўзда тутилган. Агар жиноят қийноқ, жинсий тажовуз ёки шафқатсиз муомала билан бирга содир этилган бўлса, жазо янада оғирлаштирилади.

Қонун лойиҳасида мазкур жиноятларда айбдор деб топилган шахсларга Жиноят кодексида назарда тутилган енгиллаштирувчи ҳолатларни қўлламаслик ҳам белгиланган.

Бироқ ўзгартишлар ҳозирча якуний кучга киргани йўқ. Ҳужжат аввал парламентнинг юқори палатаси — Миллат Кенгаши томонидан учдан икки эмас, тўртдан уч қисм овоз билан маъқулланиши, кейин эса президент томонидан имзоланиб, расмий ахборотномада эълон қилиниши керак.

Маълумот учун, Жазоирда ўлим жазоси қонунчиликда сақланиб қолган бўлса-да, мамлакатда қатллар 1993 йилдан бери амалга оширилмаган.

Изоҳлар 0

…

Мавзуга оид янгиликлар