Олимлар 1600 йиллик Рим шишасининг ранг ўзгартириш хусусиятини қайта яратди

Олимлар 1600 йиллик Рим шишасининг ранг ўзгартириш хусусиятини қайта яратди
ҚисқачаAI ёрдамида тайёрланганКўрсатиш
  • Шеффилд университети олимлари 1600 йиллик Ликург қадаҳи каби ёруғлик таъсирида рангини ўзгартирадиган қадимги Рим шишасининг хусусиятини қайта яратишга муваффақ бўлди.
  • Тадқиқотчилар шиша таркибига олтин ва кумушнинг майда нанозаррачаларини қўшиб, уни 1000 даражадан юқори ҳароратда эритиш орқали ушбу ноёб оптик эффектга эришдилар.

Буюк Британиядаги Шеффилд университети олимлари ёруғлик таъсирида рангини ўзгартирадиган қадимги Рим шишасининг хусусиятини қайта яратишга муваффақ бўлди. Бу ҳақда The Guardian нашри 2026 йил 25 октябрда хабар берди.

Гап Британия музейида сақланаётган, тахминан 1600 йиллик Ликург қадаҳи ҳақида кетмоқда. У одатий ёруғликда яшил, орқа томондан ёритилганда эса ёқутдек қизил рангда кўринади. Бу ноодатий хусусият асрлар давомида тарихчилар ва шишасоз мутахассисларни ҳайратда қолдириб келган.

Олимлар ушбу ҳодисани қайта яратиш учун қадимги шиша тайёрлаш усулига асосланган. Тажрибаларда эритилган шиша таркибига олтин ва кумушнинг жуда майда нанозаррачалари қўшилган. Шиша 1000 даражадан юқори ҳароратда эритилиб, совиганида унинг ичида наноўлчамли металл заррачалари ҳосил бўлган. Натижада қадимги қадаҳдагига ўхшаш ранг ўзгариши кузатилган.

Тадқиқотчиларнинг тушунтиришича, шиша таркибидаги нанозаррачалар ёруғлик билан ўзаро таъсирлашади. Ёруғлик шиша орқали ўтганда, кўк ва яшил рангларнинг бир қисми тўсилиб, қизил ва тўқ сариқ туслар кўринади. Ёруғлик шиша юзасидан қайтганда эса у яшил рангда намоён бўлади.

Университетнинг кимёвий, материаллар ва биологик муҳандислик мактаби ходими доктор Лиза Ҳолландс бу натижага эришиш узоқ ва машаққатли жараён бўлганини таъкидлади.

«Мен учун бу мўъжиза», — деди у.

Тўртинчи асрга мансуб Ликург қадаҳи қадимги мифологияга оид тасвирлар билан безатилган. Унда шароб худоси Диониснинг шоҳ Ликург устидан ғалабаси акс эттирилган. 2022 йилда халқаро экспертлар қадаҳни дунёдаги шиша санъатининг етти мўъжизасидан бири сифатида эътироф этган.

Лондон университети коллежининг археологик материаллар бўйича фахрий профессори Иэн Фристоуннинг таъкидлашича, Шеффилд университети олимлари яратган шиша аввалги тажрибаларга қараганда асл косанинг яшил ва қизил рангларига яқинроқ.

Мутахассиснинг фикрича, шишанинг якуний ранги уни эритиш жараёнидаги шароитларга, жумладан, печ ичидаги жойлашувига ҳам боғлиқ бўлган. Бу эса қадимги Рим усталари учун бундай рангларни аниқ назорат қилиш осон бўлмаганини кўрсатади.

Лойиҳа доирасида шиша рассоми Эллиот Уокер ҳам қадимги қадаҳдан илҳомланган замонавий ҳайкал яратган. Ушбу асар 2026 йил 6–15 ноябрь кунлари Шеффилддаги Милленниум галереясида намойиш этилади. Кейинчалик у Турнер шиша музейида доимий сақланиши режалаштирилган.

Олимларнинг фикрича, ушбу тадқиқот қадимги Рим усталари шиша тайёрлашда қандай усуллардан фойдаланганини яхшироқ тушунишга ёрдам беради. Шунингдек, у тарихий шиша буюмларининг ноёб оптик хусусиятларини замонавий усуллар ёрдамида қайта яратиш имкониятларини ҳам намоён этади.

Изоҳлар 0

…

Мавзуга оид янгиликлар