48 тонна гиёҳванд моддани топган итга ҳайкал ўрнатилди

ҚисқачаAI ёрдамида тайёрланганКўрсатиш
- Бразилиянинг Рио-де-Жанейро шаҳрида 48 тонна каннабисни аниқлаган белгиялик малинуа зотли Халк лақабли хизмат ити шарафига ҳайкал ўрнатилди.
- Тўрт ёшли ит апрел ойида Nova-Холанда ҳудудидаги омборхона остида яширилган махфий бункер ва гиёҳванд моддаларни топишда полицияга ёрдам берган.
- Ушбу операция Бразилия тарихидаги энг йирик мусодара сифатида қайд этилиб, ит июн ойида Тирадентес медали билан ҳам тақдирланган эди.
Бразилияда қарийб 48 тонна каннабисни аниқлашга ёрдам берган хизмат ити Ҳалк шарафига ҳайкал ўрнатилди. Тўрт ёшли бельгиялик малинуа полициячиларни оддий омборхона остида яширилган махфий ерости бункерига бошлаб борган.
Ҳодиса Рио-де-Жанейро шаҳрининг Нова-Холанда ҳудудида содир бўлган. Апрель ойидаги полиция операцияси вақтида хизмат итлари омборхона яқинида шубҳали ҳолатни сезган. Ҳалк эса бинодаги муайян жойга қайта-қайта ишора қилиб, ходимларнинг эътиборини жалб қилган.
Полициячилар текширув давомида бетон сув ҳавзасига ўхшаш тузилма остида яширин бункер борлигини аниқлашган. У ердан 24 минг 600 дан ортиқ ўрам каннабис топилган. Ҳар бир ўрам тахминан икки килограмм бўлиб, умумий миқдор қарийб 48 тоннани ташкил этган.
Рио-де-Жанейро ҳарбий полицияси маълум қилишича, бу Бразилияда биргина операция давомида аниқланган энг йирик гиёҳванд моддалар мусодараси ҳисобланади.
Топилган каннабиснинг қиймати 50 миллион Бразилия реали (7,2 миллион фунт стерлинг)га баҳоланган. Сотув учун қадоқланганида эса унинг қиймати 150 миллион реалга (21,6 миллион фунт стерлинг) етиши мумкин эди. Операция давомида милтиқлар ва қўл тўппончаси каби қуроллар ҳам мусодара қилинган.
Ҳалкнинг бошқарувчиси, учинчи сержант Вилдемар де Оливейра Соуза итнинг хизматини алоҳида таъкидлаган.
«Гиёҳванд моддалар жуда яхши яширилган эди. Аммо Ҳалкнинг хатти-ҳаракатларидаги ўзгаришни пайқадим. У бизни бункерга бошлаб борди ва жамоа билан биргаликда вазифани муваффақиятли бажардик», — деган сержант.
Ҳалк давлатнинг олий мукофотига ҳам сазовор бўлган
Итнинг хизматлари муносиб тақдирланиб, унга бағишланган ҳайкал Рио-де-Жанейро ҳарбий полициясининг Итлар фаолияти батальони қароргоҳи олдида ўрнатилди. Ҳайкал Ҳалкнинг ҳушёр ҳолатда ўтирган, қулоқлари тик кўтарилган қиёфасини акс эттиради. Уни нафақадаги сержант ва ҳайкалтарош Карлос Александр де Алмейда яратган.
Полиция вакиллари ёдгорлик Ҳалкнинг гиёҳванд моддалар савдосига қарши курашдаги хизматлари ва тарихини абадийлаштириш мақсадида ўрнатилганини билдирган.
Бу Ҳалкка кўрсатилган биринчи эътироф эмас. Жорий йил июнь ойида у Рио-де-Жанейро штати Қонунчилик ассамблеясининг энг олий мукофоти — Тирадентес медали билан тақдирланган биринчи ҳайвонга айланган. Мукофот унинг жамоат хавфсизлигини таъминлашдаги хизматлари ва рекорд даражадаги мусодарадаги иштироки учун берилган.
Мукофот ташаббускорларидан бири сиёсатчи Родриго Аморим полиция ити иштирокида жаҳон рекорди қайд этилганини таъкидлаган.
Маълум қилинишича, Ҳалк ихтисослаштирилган хизмат итлари бўлинмасига ҳадя қилинган ва кучуклигидан сержант Вилдемар қўл остида тарбияланган. У шу вақтга қадар 200 дан ортиқ полиция операциясида иштирок этган.
Ҳайкалнинг очилиш маросими полиция итлари ва уларнинг бошқарувчилари хизматига бағишланган тадбир доирасида ўтказилган. Рио-де-Жанейро ҳарбий полицияси бош қўмондони полковник Сильвио Рикардо Чиуффо Герра ҳам Ҳалкнинг рекорд натижага эришишдаги муҳим ролини алоҳида эътироф этган.
Шу тариқа, хизмат фаолияти давомида 200 дан ортиқ операцияда қатнашган Ҳалк энди нафақат полициядаги ютуқлари, балки унинг шарафига ўрнатилган ҳайкал орқали ҳам ёдда қолади.
Обуна билан реклама бўлмайди
Zamin Premium — ойига 4 900 сўм
Мавзуга оид янгиликлар
































Изоҳлар0
…