Грузияда оддий оғриқ қолдирувчи дори учун қозоғистонлик 16 йилга қамалди

Қозоғистонлик юк машинаси ҳайдовчиси Грузияда автомобилидаги дори қутисида олиб юрган оғриқ қолдирувчи препарат сабабли 16 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинди. Эркакнинг оиласи суд қароридан шикоят қилишни режалаштирмоқда.
Tengrinews хабарига кўра, Шучинск шаҳрида яшовчи ҳайдовчи апрель ойида Грузиянинг Поти портида қўлга олинган. У бел ва умуртқа поғонасидаги кучли оғриқлар туфайли ўзи билан оғриқсизлантирувчи дори олиб юрган.
Бироқ Грузия қонунчилигига кўра, ушбу препарат психотроп ва гиёҳвандлик моддалари қаторига киритилган. Шу боис ҳайдовчи ҳибсга олинган ва унга нисбатан суд жараёни бошланган.
Ҳайдовчининг рафиқаси беш ой давомида турмуш ўртоғини озодликка чиқариш учун ҳаракат қилган. Масалага Бурабай тумани ҳокимлиги ва прокуратура ҳам аралашган.
Маълум қилинишича, препаратни эркакка Германиядаги шифокор тавсия қилганини тасдиқловчи далилларни тақдим этишнинг имкони бўлмаган. Энди оила суд ҳукми устидан апелляция шикояти беришни кўзламоқда. Грузия қонунчилигида бунинг учун бир ой муддат белгиланган.
Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги маълумотига кўра, консуллик ходимлари ҳибсдаги фуқаро билан учрашган, суд мажлисларида қатнашган ва унга адвокат топишда ёрдам берган. Вазирлик фуқарога консуллик ҳамда ҳуқуқий кўмак кўрсатиш давом эттирилишини билдирган.






























Изоҳлар 0
…