Флиппинда олимлар дунёдаги энг митти қурбақалардан бирини аниқлашди

Флиппинда олимлар дунёдаги энг митти қурбақалардан бирини аниқлашди

Филиппинлик олимлар дунёдаги энг кичик қурбақалар қаторига кирувчи янги турни аниқлашди. Канзас университети билан ҳамкорликда олиб борилган тадқиқот давомида ушбу митти жонзот Сибуян оролидаги Гуитинг-Гуитинг табиат боғида топилган.

Тадқиқотчиларнинг таъкидлашича, қурбақанинг ўлчами тахминан microSD хотира картасиникига тенг. Унинг ниҳоятда кичиклиги олимлар эътиборини тортган ва бу ҳолат табиатдаги эволюцион мослашув жараёнларини ўрганиш учун муҳим аҳамият касб этади.

Мутахассислар бундай ўзгаришни “миниатюралашув” деб атайди. Бу жараёнда айрим ҳайвон турлари эволюция давомида кичиклашиб, муайян яшаш муҳитига мослашади. Масалан, ўрмон тубидаги тор ҳудудларда яшайдиган айрим жонзотлар жуда кичик тана ўлчамига эга бўлиши мумкин.

Мазкур кашфиёт Филиппиннинг Сибуян ороли ноёб табиатга бой эканини яна бир бор кўрсатди. Кўплаб эндемик, яъни фақат шу ҳудудда учрайдиган турларга эга бўлган орол баъзан “Осиёнинг Галапагос ороллари” деб ҳам аталади.

Олимларнинг фикрича, ушбу минтақада ҳали илм-фанга номаълум бўлган бошқа турлар ҳам учраши мумкин. Шу сабабли ноёб ҳайвонлар яшайдиган табиий ҳудудларни асраш ва уларни илмий ўрганиш муҳим ҳисобланади.

Изоҳлар 0

…

Мавзуга оид янгиликлар