Ҳиндистонда чақмоқ ва кучли ёмғирлар 14 кишининг умрига зомин бўлди

Ҳиндистонда чақмоқ ва кучли ёмғирлар 14 кишининг умрига зомин бўлди

Ҳиндистоннинг Тамилнад штатида муссон мавсуми бошланганидан бери чақмоқ уриши оқибатида 14 киши ҳалок бўлди. Кучли ёмғирлар эса кўчкилар, сув тошқинлари ва йўллардаги хавфли вазиятларга сабаб бўлмоқда. Бу ҳақда ThePrint нашри хабар берди.

Штат даромадлар вазири К.А. Сенготтайяннинг 26 октябрь куни билдиришича, ҳалок бўлганларнинг оилаларига 400 минг рупийдан товон пули берилган. У бир кун ичида ёмғир билан боғлиқ ҳодисаларда 35 киши ҳалок бўлгани ҳақидаги хабарларни рад этган. Бошқа ўлим ҳолатлари эса ўрганилмоқда.

Кучли ёғингарчилик туфайли Нилгири туманида юзага келган 62 та кўчки оқибатлари бартараф этилган. Бироқ автобус устига тош тушиши оқибатида ҳайдовчи ҳалок бўлган, кондуктор эса суяк синиши билан жароҳатланган. Ҳайдовчининг оиласига ҳам 400 минг рупий товон пули ажратилган.

Хавфсизлик сабабли Нилгири, Кодайканал ва Еркауд каби тоғли ҳудудларга сайёҳларнинг кириши вақтинча чекланган. Маҳаллий аҳоли эса махсус рухсатнома билан соат 06:00 дан 18:00 гача ҳаракатланиши мумкин.

Кодайканалдаги Мунжиккал-Добикана маҳалласида 20 дан ортиқ уйни сув босган. Аҳоли тун бўйи уй-жойи ва чорвасини асрашга уринган. Шунингдек, 600–700 оила учун муҳим бўлган 30 йиллик кўприкда ёриқлар пайдо бўлган.

Нагapаттинам туманида эса 3,5 минг акр экин майдони сув остида қолган. Қўшни Тхени туманидаги Вайгай сув омборида сув сатҳи тўққиз ойдан кейин яна 50 футга кўтарилган. Омборнинг тўлиқ сиғими 71 футни ташкил этади.

Изоҳлар 0

…

Мавзуга оид янгиликлар