Ҳамкасбини ўлдиргани учун умрбод қамалган маҳбус қамоқдан қочди

АҚШнинг Теннесси штатида ҳамкасбини ўлдиргани учун умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган 28 ёшли Жейкоб Морли қамоқхонадан қочиб кетди. Ҳозирда полиция уни қидирмоқда. Бу ҳақда Associated Press хабар берди.
Теннесси штати Жазони ижро этиш департаменти маълумотига кўра, маҳбуснинг йўқолгани 26 октябрь куни соат 23:30 атрофида аниқланган. У Типтонвилл шаҳридаги Northwest Correctional Complex қамоқхонасида жазо ўтаётган бўлган.
Кузатув камералари ёзувларида Морлининг қамоқхона кийимида ҳудудни тарк этгани кўринган. Бироқ у қўриқланадиган ҳудуддан қандай чиқиб кетгани ҳозирча маълум эмас. Уни топишга ёрдам берадиган маълумот учун 2 500 долларгача мукофот эълон қилинган.
Морли 2022 йилда ҳамкасби Коди Бирчфилдни ўлдиргани учун умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган. Бирчфилд бир неча ҳафта давомида бедарак бўлганидан сўнг, унинг жасади Морлининг Картер округидаги уйи остидаги қутидан топилган.
У қотилликдан ташқари, уйга ноқонуний кириш, далилларни сохталаштириш ва мол-мулкка зарар етказиш каби жиноятларда ҳам айбдор деб топилган. 2022 йилда полициядан қочган Морли Шимолий Каролина штатида қўлга олинган эди.
Нашр қайд этишича, мазкур қамоқхонада илгари ҳам маҳбуслар ва ходимларга нисбатан зўравонлик ҳолатлари кузатилган. 2023 йилги текширувда эса Теннесси қамоқхоналарида қўриқчилар етишмаслиги аниқланган. Ўша молиявий йилда ушбу муассасадаги қўриқчилар штатининг 61 фоизи бўш бўлган.






























Изоҳлар 0
…