Ўзини BTS аъзоси Жимин деб таништирган фирибгар 68 ёшли аёлни 55 минг долларга чув туширди

Бразилияда яшовчи 68 ёшли нафақахўр аёл интернет орқали танишган фирибгарнинг тузоғига тушиб, қарийб 55 минг АҚШ долларидан айрилди. У тахминан тўрт ой давомида ўзини Жанубий Кореянинг BTS гуруҳи аъзоси Жимин деб таништирган шахс билан ёзишиб келган.
Маълум қилинишича, фирибгар аёлга мунтазам равишда меҳрли хабарлар юбориб, у билан романтик муносабатлар ўрнатганига ишонтирган. Ишончга киргач эса унга қимматбаҳо совғалар жўнатганини, бироқ улар божхонада ушлаб қолинганини айтган. Шундан сўнг совғаларни олиб чиқиш учун божхона тўловларини тўлаш кераклигини билдириб, аёлдан пул сўраган.
Фирибгарнинг гапларига ишонган пенсионер пул юбориш мақсадида банклардан катта миқдорда қарз ва кредитлар олган. Оқибатда унинг умумий зарари қарийб 300 минг Бразилия реалини, яъни 55 минг АҚШ долларини ташкил этган.
Кейинчалик алданганини англаган аёл ҳуқуқ-тартибот идораларига мурожаат қилган. Ҳозирда Сан-Паулу фуқаролик полицияси ушбу фирибгарлик ортида турган жиноий гуруҳни аниқлаш юзасидан тергов олиб бормоқда.































Изоҳлар 0
…