АҚШда кучли жала: аҳоли эвакуация қилинмоқда, бир киши ҳалок бўлди

АҚШнинг бир қатор штатларида кучли ёмғирлар оқибатида сув тошқинлари юзага келди. Айрим ҳудудларда аҳоли хавфсиз жойларга кўчирилмоқда, кўчалар ва турар жойларни сув босган.
ABC News хабарига кўра, 30 октябрдан бошлаб Невада, Аризона ва Колорадо штатларида кучли жала ёғиши кузатилган. Лас-Вегас шаҳри ва унинг атрофидаги ҳудудларда йўлларни сув босиб, кўплаб автомобиллар кучли сув оқимида қолган. Ҳендерсон шаҳрида қутқарувчилар бир неча кишига ёрдам кўрсатган. Улардан бири кейинчалик шифохонада вафот этган.
Аризона штатида ҳам вазият мураккаблашган. Седона шаҳри ва бошқа ҳудудларда сув тошқини хавфи сабабли аҳолини эвакуация қилишга тўғри келган. Колорадо штатида эса дарёлардаги сув сатҳи хавфли даражага кўтарилиб, айрим автомобиль йўллари ҳаракатланиш учун ёпилган.
Бундан ташқари, Юта ва Нью-Мексико штатларида ҳам сув тошқини хавфи юзасидан огоҳлантиришлар эълон қилинган.
Метеорологлар кучли ёғингарчиликни минтақага кириб келган нам ҳаво оқимлари ҳамда аввалги ёмғирлар сабаб тупроқнинг сувга тўйингани билан изоҳламоқда. Айрим ҳудудларда ёғингарчилик давом этиши кутилмоқда.































Изоҳлар 0
…