БТС аъзоси Чонгукни нишонга олган хакер 20 йилга қамалди

БТС гуруҳи аъзоси Чонгук ва Жанубий Кореядаги бошқа бадавлат шахсларнинг мол-мулкини нишонга олган халқаро хакерлик гуруҳи раҳбари 20 йилга озодликдан маҳрум қилинди. Сеул марказий округ суди Хитой фуқароси бўлган эркакни фирибгарлик ва ахборот тармоқларидан ноқонуний фойдаланиш каби жиноятларда айбдор деб топган. Бу ҳақда "Yonhap News Agency" хабар берди.
Тергов маълумотларига кўра, гуруҳ 2023 йил августидан 2025 йил бошигача Жанубий Кореядаги бадавлат фуқароларнинг шахсий маълумотларини ноқонуний қўлга киритган. Жиноятчилар қурбонлар номига мобил алоқа рақамларини очиб, телефон орқали келадиган тасдиқлаш кодларидан фойдаланиш орқали банк, акция ва криптовалюта ҳисобларига киришга уринган.
Жами 38 миллиард вондан, яъни қарийб 27 миллион доллардан ортиқ маблағ жиноятчилар томонидан ўғирланган ёки ўғирлашга уринган. Гуруҳ қурбонларни аввало уларнинг молиявий ҳолатига қараб танлаган.
Чонгук ҳам хакерлар нишонига айланган. Жиноятчилар унинг 8,4 миллиард вонлик HYBE акцияларини қўлга киритишга уринган. Бироқ BigHit Music вакиллари шубҳали фаолиятни тезда аниқлаб, зарарни олдини олиш чораларини кўрган. Шу сабабли Чонгукнинг акциялари амалда ўғирланмаган.
Суд хакерлик гуруҳининг жиноятларини оғир деб баҳолаб, унинг бадавлат инсонларни атайлаб нишонга олганини таъкидлади. Тергов давомида гуруҳ қурбонлари орасида йирик компаниялар раҳбарлари, машҳур санъаткорлар ва криптовалюта инвесторлари ҳам бўлгани аниқланган.































Изоҳлар 0
…