21:00 / 02.01.2018
3 352

Назарбоевнинг қандай яшаш ва нима қилишга доир фикрлари ибратли ривоятларда

Назарбоевнинг қандай яшаш ва нима қилишга доир фикрлари ибратли ривоятларда
Сўнгги йилларда Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев ўз чиқишларида ибратли ривоятлардан мисол келтирмоқда. Давлат раҳбари қозоғистонликларни 2018 йил билан қутлар экан, бир ибратли ривоятни ёдга солишга қарор қилди. Tengrinews Назарбоевнинг чиқишларидаги ривоятларини бир мақолага бирлаштирди, деб ёзади Кун нашри.

Раҳбарлар ўз ходимларига қандай муносабатда бўлиши керак?
"Шарқда бир улуғ махаража бўлган экан, у жуда ҳам зерикиб кетибди. Унинг ҳамма нарсаси бор бўлгани боис ҳаётга қизиқиши сўнгган эди. Махаражанинг талабларига ҳеч ким "йўқ" деб жавоб бермайди, у барчасига эришган. Бироқ у зерикишдан касал бўлганди. Қаердадир уни бу касалликдан даволовчи авлиё борлигини эшитади. У бир умр хизмат қилган хизматкорини ўзи билан бирга олиб, йўлга чиқади. Йўлда бўрон туриб, уларни қум босиб қолди. Туялар ва карвон йўқолади. Улар иккисигина қолишади. Ташналикдан ўзи ҳам, хизматкори ҳам ўлим ёқасида қолган эди. Мешда бир неча сув томчиси бўлиб, уни ё ўзи, ёки хизматкори ичиб омон қолиши керак эди..." - дея сўзлаб берган Назарбоев 2016 йилнинг сентябрида Павлодар вилоятига қилган сафари чоғида.

"Махаража 30 йиллик хизмати давомида биринчи марта унга умрини фидо қилаётган хизматкори борлиги ҳақида ўйлаб қолди. У эса бирор марта унга миннатдорчилик ҳам билдирмабди, бошини силамабди. "Қандай одам бўлдим" деб ўйлаб, мешдаги қолган сувни хизматкорнинг оғзига томизибди. Хизматкор дарров ўзига келиб, яна унга хизмат қила бошлабди. Шу пайт шаррос ёмғир қуйиб юборибди, ҳамма омон қолибди. Шунда хизматкор "Ҳазрат, авлиёни излашда давом этамиз" деган экан, махаража "Йўқ, мен ўзимга керакли нарсани топдим, бошқа излашга ҳожат йўқ. Уйга қайтамиз!" дебди. Демак, махаража ўзига хизмат қилган, амал жиҳатидан пастроқ одамга хайрли иш қилиш ортидан бахт топди. Шу боис юқори лавозимдагиларнинг ўзидан паст мартабали ходимларга ҳурмати инсоний, олижаноб бўлиши керак. Инсоннинг моҳияти ҳам шунда", - дея хулоса қилди президент. Шу билан бирга, Назарбоев раҳбарлар ўзларини ходимларидан юқори тутиб, улар билан баланд овозда суҳбатлашишини ёқтирмаслигини таъкидлади.

Қандай қилиб бахтли бўлиш мумкин?
"Ҳамма бахтли бўлишни хоҳлайди. Бу бахтни қаерга яширсам экан? Ерга бекитсам - топишади, сувга яширсам - топишади. Ҳатто осмонда ҳам топишади. Келинг, бахтни ҳар бир инсоннинг ўзига яширайлик. Унга эришиш учун кучли истак ва интилиш бўлса бўлгани. Сизга бахт тилайман!", - деди давлат раҳбари Янги йил байрам тантанасида.

"Аллоҳ инсонни яратди. Унинг бир бўлак лойи қолди. Яратган инсондан яна нима ясаб беришни хоҳлашини сўради. Инсон айтди: "Менга бахт бер". Шунда Яратган лой бўлагини олиб, уни инсоннинг кафтига қўйибди. Яъни инсон ўз бахтини ўзи қуради, инсон ўз келажагини меҳнати билан қуради. Бахт - бировдан совға олишда эмас, барчасига ўз меҳнатинг билан эришганингда, буни ёдда тутиш керак", - дейди Назарбоев.

Она меҳри ҳақида
"Ёшликда бўлганидек, йигит қизга қаттиқ ошиқ бўлибди. Бу севги кўзларни хиралаштиради, кўп нарсаларни пайқамайсиз... Қиз чиройли, бироқ жуда талабчан экан. Уни ё буни исботла деса, йигит дарров шу ишни қилар экан. Бир куни қиз "Онангнинг юрагини олиб келсанг, сенга ишонаман" дейишгача борибди. У қандай қилиб бундай қилиш мумкинлиги ҳақида ўйлабди. Уйда маъюс ўтирганмиш, на ейишида ва на уйқусида ҳаловат бормиш. Охири Онаизор сўрабди: "Ўғлим, сенга нима бўлди?". Шунда она ўғлининг қандай сўниб бораётганини кўриб, "Юр, саҳрони айланиб келамиз" дебди. У саҳрони кезиш давомида ўғлидан сўрабди: "Қандай қилиб бундай тошбағир қизни севиб қолдинг? Унинг бундай истаклари билан қандай яшайсан?" Бироқ йигит у қиздан воз кечмаслигини айтибди. Шунда Она ўз юрагини суғуриб олиб, ўғлига берибди. Юрак йўл бўйи уриб турганмиш. Кутилмаганда йигит қоқилиб, йиқилибди. Шунда ҳалиги Она юраги "Ўғлим, оёғинг лат емадими? Оғримаяптими?" дебди ва... уришдан тўхтабди. Шунда ўғил юракни қўлга олиб, онасининг олдига югуриб келибди ва юракни ўз жойига қўйибди. Она ўзига кела бошлабди. Шунда йигит ҳаётда уни ҳаммадан кўп севувчи юракни йўқотиб қўйишига оз қолганини англаб етибди", - деди Назарбоев.

Бойиб кетган фаррош ҳақида
"Бир фаррошга "Кечирасиз, бизда шундай тартиб жорий қилинганки, ҳатто фаррош ҳам маълумотга эга бўлиши керак. Шунинг учун сизни ишдан бўшатишимиз керак бўлади", деб айтишибди. У ишдан бўшатилибди. Юра-юра нима қилишни билмабди, чунки бундан бошқа иш қўлидан келмас экан. Нима қилиш ҳақида ўйлабди. Охири барча фаррош дўстларини бир жойга тўплабди. Компания ташкил қилиб, тозалай бошлашибди. Улар ҳалоллиги ва виждонлилиги ортидан ҳурматга сазовор бўлишибди. Бу компания пул ишлай бошлабди. Шундан сўнг улар тозаловчи машиналарни сотиб олишибди. Чиқиндиларни қайта ишловчи заводни ишга тушириб, бадавлат кишилар қаторига қўшилишибди. У пулларини сақлаётган банк, уни таклиф қилиб, шундай дебди: "Сиз бизнинг энг йирик сармоядорларимиздан бирисиз, ҳужжатларимизда имзоингиз йўқ экан, марҳамат қилиб имзолаб берсангиз". У шундай жавоб берибди: "Мен ёзишни билмайман, "X" белгисини қўйсам бўладими?" Унга жавоб беришибди: "Мумкин, бироқ сиз шунча пул ишлаб топасиз, нима учун ҳеч қаерда ўқимагансиз?" У айтибди: "Агар университет дипломим бўлганида, ҳали-ҳануз банкда фаррош бўлиб ишлаётган бўлардим". Яъни, инсон ўзини турли йўллар билан кашф қилади", - деган президент 2016 йилнинг февралида Олмаота ривожига бағишланган йиғилишда.

Дарвоқе, интервьюлардан бирида Нурсултон Назарбоев ҳаётнинг мазмуни ҳақидаги саволга жавоб берди. "Яхши яшаш, ватан фаровонлиги йўлида меҳнат қилишда. Бошни қотирмай, бугунги кунингиз билан умр суринг. Биз эса ё ўтмишда, ёки келажак билан яшаймиз. Ким билади кейин нима бўлишини?! Эртага нима бўлишини билмаймиз. Мана, ҳозир шу ерда гапириб турибман, 5 дақиқадан кейин бу тарихга айланади. Нима учун йўқ нарса ҳақида ўйлаш керак? Сайёрамиз бутун бир галактиканинг бир зарраси. У астероид ё метеорит ҳужумларига йўлиқиши мумкин, вулқон отилиши ё зилзила бўлиши мумкин. Аллоҳ бизга жон берган пайтда қачон ўлишимизни ҳеч кимга айтмайди. Билганимизда ҳаёт шундай кечармиди? Ҳаётнинг мазмуни - яхши яшаш, яқинларга, дўст-биродарларга, ватанга меҳр-муҳаббатли бўлиш ва фарзандларимиз келажагига замин яратиш".

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Назарбоевнинг қандай яшаш ва нима қилишга доир фикрлари ибратли ривоятларда