25 март куни Россиянинг Кемерово шаҳрида жойлашган «Зимняя вишня» савдо марказида йирик ёнғин юз берди.
Ёнғин талафотлари соат сайин ўсиб бормоқда. Айни вақтга келиб, қурбонлар сони камида 56 нафарга етган, ўнлаб кишилар бедарак йўқолган, шифохонага олиб борилган 84 кишидан 12 нафари оғир аҳволда қолмоқда. Қурбонларнинг аксари ёш болалар бўлди. Уларнинг аксари ис газидан бўғилиб жон берган.
Ҳодиса оқибатида нафақат одамлар, балки жониворлар ҳам офат қурбони бўлди: савдо марказининг учинчи қаватидаги кичик ҳайвонот боғида 200га яқин жонивор сақланган.
Ёнғин 1,5 минг кв метр майдонни қамраб олди. Ҳодиса жойида 300 нафардан ортиқ ўт ўчирувчи, 60дан ортиқ техника иш олиб борди, айни пайтда ёнғин чиққан тўртинчи қаватда ёнғин ўчирилиб, қидирув-қутқарув ишлари бошланган.
Фожиа вақтида вилоят губернатори Аман Тулеевнинг яқин қариндоши — ёш қизча ҳам ҳалок бўлди.
Ёнғин қурбонларининг оилаларига 1 миллион рублдан товон пули берилишини маълум қилар экан, губернатор ҳодиса юзасидан шахсан ўзи ҳам қайғуда эканлигини айтди.
«Афсуски, яқин қариндошим, ёш қизча ҳам ҳалок бўлди», — деди у.
Қурбонларнинг оилалари билан психологлар, ижтимоий ишчилар ва шифокорлар ишламоқда.
Ким айбдор?
Маҳаллий ҳукумат хулосасига кўра, савдо маркази хавфсизлик соҳасида қатор қоида бузилишларга йўл қўйган ҳолда фаолият олиб борган.
«Биздаги дастлабки маълумотларга кўра, бу ерда жудаям кўп қоидабузарликлар бўлган, жумладан, фавқулодда вазиятда эвакуация қилиш масаласида… Саволлар кўп, масалан, нима учун эшиклар очилмай қолган», — дея губернатор ўринбосари Владимир Черновнинг сўзларини келтирган ТАСС.
Ўт ўчириш хизмати бўйича давлат инспектори Ринат Еникеевнинг айтишича, савдо маркази текширувдан ўтиши керак бўлган, аммо таътил туфайли бу текширув ўтказилмай қолган.
«Бу ерда 2016 йилда текширувдан ўтказилиши керак эди. Аммо бу объект кичик бизнесга тааллуқли бўлгани туфайли назорат таътили вақтида текширувдан қутилиб қолишган», — деган у.
Гувоҳларнинг қайд этишича, ёнғин бошланганида бинодан одамларни эвакуация қилиш жуда ёмон ташкил этилган, хусусан, сигнализация ишламаган, комплекс ходимлари бу вазиятда қандай ҳаракат қилишни билишмаган.
Ёнғин бошлангач, учинчи ва тўртинчи қаватлардаги кинозаллар қулаб тушган ва ичкаридагиларнинг чиқиб кетиши имконсиз ишга айланган. Жасадларнинг аксар қисми кинозаллардан топилган — болалар ва ўсмирлар, улар ёнғин залга ёпирилиб, зални қийноқхонага айлантиргунича хушчақчақлик билан мультфильмлар ва фильмлар томоша қилиб ўтиришганди. Бу «Оловли камера» тутунига 3 дақиқадан ортиқ дош бериб бўлмасди. Савдо марказига катталарсиз келган болалар бу вазиятда умуман иложсиз қолишган ва осонгина нобуд бўлишган.
«Бу шунчаки даҳшат… Одатдаги дам олиш куни эди. «Зимняя вишня» савдо маркази лиқ тўлган. Сигнализация ишламади. Кинозалдан отилиб чиққанимизда, биз йўлак қалин тутунга тўлганини кўрдик, тутун болалар ўйин майдончалари жойлашган ҳудуддан ва иккинчи кинозал томондан бостириб келарди — у томон умуман кўринмасди. Зўрға нафас олардик», — деди бино ичидан омон чиққанлардан бири Анна Заречнева.
Унинг айтишича, ёнғин чиққанида ҳам кино намойиш этишда давом этишган. Кимдир эшикни очган ва ёнғин бошланганини айтган, шундан сўнг ҳамма ҳаёт учун кураш бошлаган.
«Одамлар биргина тор эшик томон ёпирилди… Зинагача югуриб бордик: аммо у ер ҳам одамлар билан тўла эди, улар ваҳима билан пастга қараб интилишарди. Ҳамма томон болалар йиғиси билан тўлган… Зина олдида одам кўпайгандан кўпайиб борарди, ҳамма ваҳимада эди, оломон ўртасидаги эркаклар ваҳима солмасликни сўраб, беҳуда қичқиришарди: «Ваҳима қилманглар! Хотиржамлик билан ҳаракатланинг! Биз барчамиз чиқиб кетамиз!» Кимдир йиқилиб тушди. Унга ёрдам бериш керак эди… Администратор эса қаққайганча турар ва нима қиларини билмасди», — дея қўшимча қиларди Заречнева.
Яна бир гувоҳ эвакуация ишлари жуда ёмон олиб борилганини тасдиқлаган.
«Биз учинчи кинозалда эдик. Фильм қўйилганди. Бирдан олдинги ўриндиқдагилар чиқиб кета бошлади. Кимдир қичқирди: «Ёнғин!» Биз охирги ўриндиқда эдик… Залдан чиққанимизда ҳаммаёқ қора тутунга бурканганди. Кимдир чапга, кимдир ўнгга қараб чопарди, чиқиш эшиклари ёпиқ эди. Йигитлар атрофдаги эшик ва деразаларни синдиришга ҳаракат қилишарди. Кейин кимдир бизни зина томон бошлади. Мен олов қайси томонда чиққанини билмасамда, унинг ортидан эргашдим. Биз тутун туфайли нафас ололмай қолаётгандик. Мен тўғри қилган эканман ва биз омон чиқдик», — дея ҳикоя қилади Татьяна.
«Мен болалар билан эдим. Олти бола билан. Биз уёқдан-буёққа чопдик, ҳеч ким бизга ёрдам берай демасди. Кейин бир ёш бола маслаҳат берди: «Ўзинглар ҳаракат қилинглар», — дея қўшимча қилади воқеанинг бошқа бир иштирокчиси Екатерина.
Манба: Kun.uz «Замин» янгиликларини «Вконтакти»да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
КХДР Россияга 100 минггача ҳарбий юбориши мумкин
Рашида Толиб Конгресс аъзоларига «аччиқ ҳақиқат»нинг суратини кўрсатди
Ўзи чой дамлайди ва суҳбатлашади: дунёдаги биринчи “ақлли” чойнак тақдим этилди (видео)
Эрон АҚШдан 1 трлн доллар компенсация талаб қилди
Ким Чен Ин ҳарбийларни жанговар ҳолатда туришга чақирди
Тюмен областига Ўзбекистондан меҳнат мигрантлари ишга жалб қилинади
Глобал очлик ва қашшоқликка қарши кураш алянсига 82 мамлакат аъзо бўлди
Омега-3 қандай қилиб озишга ёрдам беради?