00:14 / 30.05.2018
5 046

Нима учун Доғистонда эр-хотиннинг ажрашиш ҳодисаси кўпайиб бормоқда?

Нима учун Доғистонда эр-хотиннинг ажрашиш ҳодисаси кўпайиб бормоқда?
Ҳа, ажрашиш мавзуси ҳозирги Доғистонда ҳақиқатан тез-тез тилга олинадиган бўлди. Доғистон аёллари учун эрини ташлаб кетиш, ажрашиш шармандалик ҳисобланмай қўйди. Аммо бу ажрашишлар, етим болалар сонини кўпайтиришнинг туб сабаби нимада?..

Агар ичкарироқ кириб назар солсангиз, Доғистонда кўп нарсалар ўзгариб кетганига гувоҳ бўласиз. Ёшлар ҳозир қадимий урф-одатларга, қонунларга амал қилмай қўйган. Худди шу одат ва қонунлар қачонлардир оилаларни ажрашиш, бузилишдан асраб келган, ахир!..

Бундан бир неча ўн йиллар олдин доғистонлик аёл учун эрининг ҳайдаб юбориши, оиласининг бузилиши ростакамига шармандалик ҳисобланган. Бу аёлни ота уйидагилар ҳам сиғдиришмаган, иложи борича эриникига қайтаришга уринишган. Худо кўрсатмасин, эр бу аёл билан ярашишни, бирга ҳаёт кечиришда давом этишни истамаса, тамом, аёл бир умр таъна ва маломатлар остида яшашга маҳкум бўлган. Уни қайтиб ҳеч бир эркак хотинликка олмаган.

Бугун эса буткул бошқа муҳит ҳукм сурмоқда. Ота-оналар қизини топиш-тутишининг тайини йўқ, дангаса, пиёниста, қиморбоз, наркоман куёвларга асло раво кўришмайди. Башарти юқорида таъкидлаб ўтилганидек, аёл эри билан ажрашишга қарор қилса, ота-она бу қарорини қарсак чалиб кутиб олмоқда. Чунки билади, куёв ҳеч қачон ўнгланмайди, бойиб кетмайди, бир умр маошдан маошгача қийналиб яшайди. Қизи эса иккинчи марта турмушга чиқаман деса, эркаклар жон деб уйланади. Майли, иккинчи хотин бўлиб тегса ҳам бахтини топиб кетса бўлди-да!..

Ҳозирги Доғистон қиз-жувонлари дангаса, топиш-тутиши яхши бўлмаган эркакларни писанд қилишмайди. Ундай эркак билан яшаш етти ухлаб тушларига ҳам кирмайди. Шу эрни деб бир умр ўзлари пул топиш, рўзғор тебратишни зинҳор хоҳлашмайди. Ундан кўра ота уйига қайтишни, мустақил ҳаёт кечиришни маъқул кўришади.

Энди эркакнинг хиёнати масаласида бир оғиз сўз. Агар эри яхши пул топса, оиласини ҳар тарафлама таъминлаб қўя олса, демак, унинг хиёнати кечирилади. Хотин бўлмиш кўз ёш қилса-да, эрини кечиради. Ҳатто шу эр иккинчи, учинчи хотинга уйланса ҳам кўз очиб кўрган хотини миқ этмайди. Ичидан ич қиринди ўтган тақдирда ҳам эрининг қарорини олқишлайди.

Пиёнисталик, наркоманлик Доғистонда ҳозир эр-хотин ажрашиб кетишининг бош сабабига айланган. Лекин пули етарли бўлган эркакнинг бу зарарли одатлари ҳам хотини тарафидан кечирилади. Хотин фарзандларини оёққа турғазиш шартлигини, бир кун келиб эри ўнгланишини баҳона қилади-ю, пиёниста, наркоман эрнинг бу қилиқларига кўз юмади. Худди шундай кўз юмган ҳолда бир умр яшаб кетади. Ҳатто, бу ҳаётга ўрганиб ҳам кетади.

Доғистоннинг ҳозирги қиз-жувонлари нимани кўра олишмайди? Улар оилада қайнона-қайнота, қайнэгачиларнинг ҳаётга аралашувини ёқтиришмайди. Мустақил, қайнона-қайнота аралашувисиз эри билан ҳаёт кечиришни исташади. Кейин… Қайнона-қайнотасига қора терга ботиб хизмат қилишни ёқтиришмайди. Улар жуда талабчан ва худбин, қайсар. Сергаклик, дадиллик билан ўз хотинлик, аёллик ҳуқуқларини талаб қилишади. Ўта принципиалликка ёпишиб олишган. Мабодо айтганлари бўлмаса, оилада улар хоҳлаган муҳит яратилмаса, ота-онасининг бу қизи турмушга чиқиши учун миллионлаб пул сарфлаганига ҳам қараб ўтиришмайди. Дарҳол ажрашиш ҳақида судга ариза топширишади.

Манба: Hordiq.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Нима учун Доғистонда эр-хотиннинг ажрашиш ҳодисаси кўпайиб бормоқда?