Доғистонда сайёҳ ҳаракати кескин танқидларга сабаб бўлди

Доғистон ҳудудида юз берган нохуш ҳолат ижтимоий тармоқларда кенг муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. Тарқалган видеоларда россиялик аёл ҳомиладор эшакка миниб, уни ҳаракатлантириш мақсадида қорнига тепганини кўриш мумкин.
Кадрларда аёл ҳайвонни бўйнидан қучоқлаб олган ҳолда, уни тезроқ юришга мажбур қилиш учун бир неча бор тепгани акс этган. Бу ҳолат атрофдагилар кўз ўнгида содир бўлган бўлса-да, айрим сайёҳлар буни жиддий қабул қилмай, ҳатто кулгу билан қарши олгани ҳам танқидларга сабаб бўлди.
Маҳаллий аҳоли мазкур ҳолатни кескин қоралаб, бу нафақат ҳайвонларга нисбатан шафқатсизлик, балки умумий инсоний қадриятларга зид эканини таъкидламоқда. Шунингдек, улар туристлар ва экскурсия гидларининг масъулиятини ошириш, бундай ҳолатларга йўл қўймаслик бўйича чора кўриш зарурлигини билдиришмоқда.
Ҳозирда фуқаролар томонидан ваколатли идораларга мурожаатлар йўлланиб, воқеа юзасидан текширув ўтказиш талаб қилинмоқда. Мутахассислар эса ҳайвонларга нисбатан муносабатда қонун нормаларига риоя қилиш ҳар бир инсоннинг бурчи эканини таъкидламоқда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!