16:43 / 03.09.2018
5 313

Путиннинг Порошенкога таҳдиди ҳақида янги маълумотлар пайдо бўлди

Путиннинг Порошенкога таҳдиди ҳақида янги маълумотлар пайдо бўлди
Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков «Россия 1» телеканалига берган интервьюсида Владимир Путиннинг украиналик ҳамкасби Пётр Порошенко билан 2015 йилдаги «норманд тўртлиги» учрашувидаги музокаралари ҳақида янги маълумот берди. Песковнинг сўзлари РИА Новости томонидан келтирилган.

Суҳбат чоғида Кремль расмий вакилидан музокараларда иштирок этган Франция собиқ президенти Франсуа Олланднинг хотираларига изоҳ бериш сўралди. Франция собиқ президенти Путин Порошенкога таҳдид қилгани ҳақида ёзганди.

«Мушкул музокаралар вақтида ҳамда Украинада Порошенко томонидан келтириб чиқарилган жанговар ҳаракатлар давомида Путин, албатта, унга ёқимли сўзларни айтмаган. Сиз тасаввур қилишингиз мумкинки, Путин қаттиқ, аниқ ва жуда тушунарли тарзда гапирган. Лекин, албатта, бундай таҳдид бўлмаган», - дея маълум қилди Песков.

Олланднинг «Ҳокимият сабоқлари» деб номланган хотира китоби 2018 йилда нашр этилди. Украинанинг Gordon.ua нашри китобдан баъзи қисмлар таржималарини келтирди. Хусусан, Минскда Россия, Украина, Франция ва Германия раҳбарларининг учрашуви тасвирланган парчалар ҳам тақдим этилган.

«[Украина президенти Пётр] Порошенко ва Путин мунтазам равишда бир-бирига баланд овозда гапирдилар. Россия президенти шунчалик асабийлашдики, ўз ҳамкасбини янчиб ташлаш билан таҳдид қила бошлади. Бу Украина шарқида рус қўшинлари борлигини исботлаб берди. Путин бирдан ўзига келди ва ҳиссиётларини қўлга олди», - деб ёзади Олланд.

«Порошенко ўз мамлакатининг суверенитетини қатъият билан ҳимоя қилди, Путин эса баъзи вилоятлар учун мухториятга эришмоқчи ҳамда ўт очишни тўхтатиш режимини яна уч ҳафтага ортга сурмоқчи эди. У жуда қатъий эди, айирмачилар раҳбарлари билан бевосита алоқаси йўқлигини таъкидлаб, улар учун қарор қабул қила олмаслигини айтди ва улар билан маслаҳатлашишни талаб қилди», - дея давом этади Франция собиқ президенти.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Путин Порошенкога таҳдид қилгани ҳақида маълумотлар пайдо бўлганди.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Путиннинг Порошенкога таҳдиди ҳақида янги маълумотлар пайдо бўлди