19:36 / 26.11.2018
4 163

Ҳиндистон: “маъбуд”га айланган мотоцикл

Ҳиндистон: “маъбуд”га айланган мотоцикл
Ҳиндистоннинг Ражастан штатида Royal Enfield “Bullet 350” русумидаги мотоциклга сиғинувчилар бор. Балки ишонмассиз, лекин сафари бехатар ўтишини истовчи маҳаллий аҳоли вакиллари айнан шу икки ғилдиракли аравадан паноҳ сўрайди.

Мотоцикл “маъбуд”нинг пайдо бўлиш тарихи 1988 йилга бориб тақалади. Ўшанда Пали округида Ом Синг Ратор исмли киши айнан шу мотоциклда дарахатга урилиб ҳалок бўлган экан. Эрталаб уни ўлик ҳолда топишган, мотоциклини эса полиция участкасига олиб кетишган. Эмишки, эртаси эрталаб мотоцикл ҳалокат юз берган жойда пайдо бўлиб қолибди. Полициячилар уни яна олиб кетишибди, ҳеч ким олиб кетмаслиги учун бензинини тўкиб ташлашибди. Аммо эртаси куни мотоцикл яна ҳалокат жойида турганмиш-да. Бирор касофат уришидан қўрққан полициячилар мотоциклни марҳумнинг оиласига беришибди, улар эса қўшни штатлик бир одамга сотиб юборишибди. Кейин нима бўлибди дейсизми? Тахмин қилганингиздек, мотоцикл яна ҳалокат жойига қайтиб келибди. Унинг янги эгаси қайтариб олиб кетишни истамабди.

Шундай қилиб, маҳаллий одамларнинг кўз ўнгида янги “маъбуд” туғилди. Мотоциклнинг атрофини ойнаванд тўсиқ билан ўрашди. Атрофда аста-секин эсталик буюмлари сотиладиган расталар, ҳатто меҳмонхона ва ресторан ҳам пайдо бўлди. Битта руҳоний ҳар доим мотоциклнинг хизматида, атрофга эҳсон қутилари ўрнатилган, бу ерда фестиваль ҳам ўтказилади.

Хуллас, шу ердан ўтадиган ҳайдовчилар бирров тўхтаб дуо қилишади ва йўллари бехатар бўлишини мотоциклдан сўрашади. Яна полиция тўхтатмаслигини ва жарима солмаслигини ҳам, маст ҳолда рул бошқаришдан асрашни ҳам сўрашади. Айтганча, мастликдан асрашни сўровчилар Ом Сингнинг ҳайкалини виски билан сийлашлари шарт.

Манба: Azon.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Ҳиндистон: “маъбуд”га айланган мотоцикл