07:57 / 08.12.2018
4 057

Хитойнинг энг бой кишисидан омад сирлари (фото)

Хитойнинг энг бой кишисидан омад сирлари (фото)
Шу йилнинг июнь ойида «Alibaba» компанияси Мичиган штатининг Детройт шаҳрида америкалик тадбиркорларни йиғиб, ташқи бозорга чиқиш учур онлайн-савдо майдонлари имкониятлари ҳақида суҳбат уюштирди.

«Gateway 17» тадбирида Хитойнинг энг бадавлат кишиси ҳисобланувчи «Alibaba Group» асосчиси Жек Ма телебошловчи Чарли Роуз билан тадбиркорликдаги муваффақияти сирлари билан бўлишди.

1. Ишни аёлларга ишониб топширинг

Аёллар бошқалар ҳақида кўпроқ қайғурадилар, эркаклар эса ўзларини ўйлайдилар.

«Қанча имкон бўлса шунча аёлларни ишга олиш бу «Alibaba»нинг сири», — дейди Жек Ма, — «Аёллар XXI асрда жуда кучли бўладилар. Чунки ўтган асрда куч билакда бўлган бўлса, бу асрда доноликда».

Компаниянинг 48 фоиз ишчиси ва 33 фоиз менежменти аёллардан иборат.

2. Ҳар нарсанинг ўз вақти бор. Режага амал қилинг

Фото: «Addicted Success»
Ма шундай маслаҳат беради: «иш юритишни ўрганиш учун 30 ёшгача яхши компанияда, яхши раҳбарнинг қўл остида ишланг. 30 ёшда ўз ишингизни бошланг. 40 ёшда нимада кучли бўлсангиз, шунга эътиборингизни жамланг. 50 ёшда ёшларга эътибор қаратинг, уларга имкон беринг (бизга ҳеч ким имкон бермаган, имконни биз беришимиз лозим). 60 ёшдан сўнг эса вақтни набиралар билан соҳилда ўтказган маъқул. Нима қилсангиз ҳам ишингизни севинг».

3. Йўқ деган жавоб олиш доим ҳам ёмон эмас

Мактабни битириб, Ма уч бор университетга кирган. Уч бор ҳам у омадсизликка учраган. Кейин у полицияга ишга кирмоқчи бўлган. 5 нафар дўсти орасидан фақат у инкор жавобини олган. У қандай қилиб шаҳридаги биринчи тўрт юлдузли меҳмонхонага ишга кирмоқчи бўлганини сўзлаб берди:

«Амакиваччам билан суҳбатдан ўтиш учун 2,5 соат жазирамада кутдик. Суҳбатдан сўнг менинг натижам юқорироқ бўлганига қарамай, амакиваччамни ишга олишди. Сабаби унинг бўйи мендан узунроқ, ўзи ҳам мендан кўра кўркамроқ эди. Аммо у ҳозир ҳам меҳмонхонада ишлаяпти, мен эса ҳаётимни ўзгартира олдим. Бундан ташқари, «KFC»га ишга киришга 24 номзоддан фақат Жек Мани ишга олишмаган. Омадсизликка учрамай туриб, муваффақият қозона олмаймиз».

4. Сиздан ақллироқ бўлган тўғри одамларни ишга олинг

«Мен одамларни ишга олаётганда ўзимдан ақллироқларини танлайман». Ма ҳамкасбларига шундай маслаҳат беради: «Ёш иш қидирувчига қаранг. Агар 5 йилдан сўнг у сизнинг раҳбарингиз бўла олса, уни ишга олинг».

Тўғри одамларни ишга олинг, энг яхшиларини эмас. Энг яхшиларни ўз компаниянгиздагина яратишингиз мумкин.

5. Иш бошлашингиз учун нима қилишингиз керак бўлса, барини қилинг

«Таобао» компаниясининг яралиш тарихи кулгили. Манинг айтишича, у 2003 йилда ўз жамоасига шундай талаб қўяди: ҳамма сайтда сотувга қўйиш учун уйида 4тадан буюм топиши керак.

«Ҳамма ҳам тўртта буюм топа олмади, чунки биз ўта камбағал эдик. Шунинг учун биз сотувга ўзимиз топа олган 21та буюмни қўйдик. Уч кун кутдик, аммо ҳеч ким келмади», — дея эслайди Ма.

Кейинги ҳафтасига улар товарларни ўзаро сотиб ола бошлашди. Яна бир ҳафтадан сўнг бошқа одамлар ҳам сотувга буюмларини қўя бошладилар ва уларни Ма ҳамда унинг гуруҳидагилар сотиб олишди.

«30 кун давомида Таобаода сотилаётган ҳамма нарсани ўзимиз сотиб олдик. Шундай қилиб уйимиз интернетда сотилган чиқиндиларга тўлди. Биз одамларни «Қойил, бу нарса ростдан ҳам нарсаларни сотиб бериши мумкин экан», дейишлари учун бу иш беришига ишонтирмоқчи бўлдик».

6. Муваффақиятга эришиб бўлганингизга ишонманг

Кўп компаниялар муваффақиятга эришганларига ишониб қолганлари учун бозордаги устунликларини бой беришди. Шунинг учун доим ҳам устун энг яхши бўлишингизга ишониб қолманг.

«Биз «Alibaba» 102 йил яшагандан сўнг муваффақиятга эришамиз. Биз эндигина 18 йилни ўтказдик, яна 84 йил қолди».

Жек Ма, Тим Кук ва Марк Цукерберг АҚШдаги интернет форумида. Фото: «Crienglish.com»
7. Ноодатий ғояларингизни ҳаётга тадбиқ қилинг

Манинг айтишича, ўзининг интернет-бизнес ғоясини 24 нафар дўстига сўзлаб берганда, уларнинг 23 нафари буни унутишни тавсия қилган. Фақат улардан бири «Агар синаб кўрмоқчи бўлсанг, шунчаки синаб кўр», деган.

«Кўп одамлар тунлари ғаройиб режалар тузишади, эрталаб эса ўзларининг одатий ишларига қайтишади. Бошқа нимадир қилиб кўриш керак.

8. Эришиш учун йўқотишларга тайёр туринг

Оптимист бўлинг. «Бугун жуда қийин. Эртага ундан ҳам қийинроқ бўлади. Яна бир кундан сўнг кейинги кун келишига ва ўша кун ажойиб бўлишига ишонинг. Кўпчилик эртаганинг ўзида ўлиб кетади.

Қаттиқ ҳаракат қилмасангиз қуёшни кўра олмайсиз. Нолишга ўрганганларни ишга олманг, ўзингиз ҳам раҳбар сифатида нолиманг. Нолисангиз, ҳеч ким сизга эргашмайди. Биз оптимист бўлишимиз керак».

Фото:«Business Insider»
9. Хатолардан қўрқманг

«Агар мен ўз ҳаётим ҳақида китоб ёзсам, у шундай аталади: «Alibaba»: 1001 хато».

10. Энг муҳими акционерга эмас, мижозга ёқиш

Мижозлар сизга пул тўлайди. Ходимлар мижозларни хурсанд қилувчи хизматни яратади. Агар мижоз хурсанд бўлса, ходим ҳам хурсанд бўлади, акционер ҳам.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Хитойнинг энг бой кишисидан омад сирлари (фото)