Эрдўған наша ўсимлигидан сумка ва пакетлар тайёрлаш таклифини киритди

  • 12 январь 2019, 11:58
  • 1 181
  • Дунё
  • Эрдўған наша ўсимлигидан сумка ва пакетлар тайёрлаш таклифини киритди
    Президент тан олиб айтдики, ҳозир пластик матодан ишлаб чиқарилаётган пакетлар ҳеч қачон чиримайди, экологияга жиддий зиён етказади. Демак, уларни наша ўсимлигидан тайёрланган пакетлар билан алмаштириш пайти етди.

    Эрдўған шу ўринда болалигини эсга олди. Унинг айтишича, қачонлардир онаси айни шу наша ўсимлигидан пакет, сумкалар тўқиб, бозорга қатнаган. Нега айнан наша ўсимлигидан пакет тайёрлаш кераклигини кўпчилик билса керак. Нашадан тайёрланадиган ип жуда пишиқ бўлади. Унча-мунчага узилмайди, йиртилмайди.

    — Биз ҳозирда пластикдан ясалган пакетларга қарши уруш эълон қилдик, — деди президент. — Негаки, бу пакетлар 1000 йиллар ўтса ҳам чиримасдан, экологияни бузади. Инсоният ҳаётига жиддий хавф солиб туради. Қолаверса, қачонлардир бизнинг мамлакатда наша ўсимлигидан футболкалар, майкалар тўқилган. Ҳозир эса биз ўша маҳсулотларни бошқа давлатлардан сотиб олмоқдамиз. Бундан буён импортни экспортга айлантириш пайти етди. Биз ҳозирнинг ўзида шу ишга киришдик.

    Эслатиб ўтамиз, наша ўсимлиги таркибида наркотик модда мавжудлиги боис уни етиштириш, тайёр маҳсулотга айлантириш жараёни кучли назорат остида ушланиши талаб этилади. Туркияда бугунги кунда 18 та вилоят наша ўсимлиги етиштириш учун давлатдан қисман рухсат олган.

    Дарвоқе, Туркияда ҳам 2019 йил 1 январидан пластик пакетлар пулли қилиб қўйилди.

    » » Эрдўған наша ўсимлигидан сумка ва пакетлар тайёрлаш таклифини киритди