16:44 / 08.06.2019
4 138

Имомали Раҳмоннинг ғазабига учраган божхоначи янги лавозимга ишга ўтди

Имомали Раҳмоннинг ғазабига учраган божхоначи янги лавозимга ишга ўтди
Жорий йилнинг 10 май куни Тожикистон президенти Имомали Раҳмон молия, банк, божхона ва солиқ ходимлари билан учрашувда божхона хизмати ходими Шаҳбоз Ражабзодани сўроққа тутгани ва порахўрлиги учун ишдан ҳайдагани шов-шув бўлиб кетганди.

Маълумотларга кўра Ражабзоданинг президент оиласи номини сотиб, мавқе ва бойликка эришгани бежиз бўлмаган. Унинг отаси узоқ йиллар давомида президент оиласи аъзолари мурожаат қилиб турган шифокор бўлган, Шаҳбознинг ўзи Имомали Раҳмоннинг қизи Озода Раҳмоннинг фарзандларига ҳайдовчилик қилган.

Айнан мана шу таниш-билишчилигидан фойдаланиб, Шаҳбоз Ражабзода дастлаб турли-туман масалаларда ўртага тушиб, маълум ҳақ олиб юради. Кейинчалик президентнинг қизи Ташқи ишлар вазирлигига ишга ўтганида унинг кўмаги ва отасининг илтимоси билан дипломатликда ҳам ўзини синаб кўради ва «келажаги бор мутахассис» сифатида Россия Ташқи ишлар вазирлиги академиясига ўқишга юборилади. Аммо ўзи тан олганидек, ўқишдан ҳам ҳайдалиб, қайтиб келади ва эпини қилиб, 2017 йилда Душанбе божхона терминали раҳбарлигига тайинланади.

Йирик бозор ёнидаги бу терминалда ишлаган пайтида у ҳар бир юк автомобилидан ўрта ҳисобда 500-1000 АҚШ долларидан алоҳида ўлпон олиб туради. Шу тарзда 1,5 йиллик фаолияти давомида Шаҳбоз Ражабзода учта кўчмас мулк, иккита қимматбаҳо машина ва аниқ миқдори айтилмаган, лекин анча йирик ҳажмдаги маблағ соҳиби бўлишга улгуради.

Бу маълумотлар президентга қандай етиб боргани номаълум, лекин Имомали Раҳмон Ражабзодага қарата «Бориб, ариза ёзасан ва кетасан. Ҳали ёш эканингни ҳисобга оляпман, акс ҳолда камида 15 йилга қамалар эдинг! Чет элга ўтказган пулларни қайтарасан», дея талаб қўйиб, ишдан ҳайдайди.

Аммо «келажаги бор мутахассис» бекор қолмаган, сўнгги ва ҳали аниқ тасдиғини топмаган маълумотларга қараганда Шаҳбоз Ражабзода элчихоналардан бирига ишга жойлашган.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Имомали Раҳмоннинг ғазабига учраган божхоначи янги лавозимга ишга ўтди