
“Усмонийлар давридаги ваҳшатга тўла тарихни фош этиш учун олинган сериал” араб матбуотида баҳсларга сабаб бўлди, дея хабар бермоқда ВВС.
“Оташ қиролликлари” деб номланган сериал БААда жойлашган ва Саудия Арабистонига қарашли MBC TV телеканали томонидан суратга олинган. Ўтган йили MBC компанияси араб дунёсида машҳур турк сериаллари намойишини тақиқлаган эди.
Сериалда Мисрда мамлукларнинг охирги кунлари ва мамлакатнинг XVI асрда усмонийларнинг назоратига ўтиши ҳикоя қилинган.
Ўн тўрт қисмдан иборат сериал 40 миллион долларга тушди. Режиссёрлик иши британиялик Питер Вебберга юклатилди. Сериалнинг илк қисми 17 ноябрда намойиш этилди. Сериалнинг шиори – “Бир салтанат қон билан бошқарилди. Бу уларнинг лаънати бўлди”.
Мисрлик сценарий муаллифи Муҳаммад Сулаймон БААнинг Al-Ayn нашрига берган интервьюсида “тарихий маънода хатолардан буткул холи ҳикоя” ёзишга уринишганини айтиб, “усмонийлар даври қатлиомларга тўла” бўлганини таъкидлади.
Saudi Gazette нашри мазкур сериал 2019 йилда араб дунёсидаги энг йирик лойиҳа бўлганини ёзди. “Усмонийлар қўл урган жиноятлар хаспўшланган ва тарих сохталаштирилган бу даврга оид ҳақиқатларни ошкор қилади”, – дейилади сериал ҳақидаги мақолада.
Саудия Арабистони, БАА ва Мисрда ҳукуматга яқин оммавий ахборот воситалари “Оташ қиролликлари”ни мақтовга кўмди. Қатарда жойлашган Al Jazeera эса интернет саҳифасида “БАА Туркиянинг тарихини нотўғри кўрсатишга уриняпти”, дея ёзди.
Resala Post нашри муаллифларидан бири Муҳаммад Асад ҳам мазкур сериалда мусулмонларнинг тарихи нотўғри талқин қилинган деган фикрда. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар