
Фото: Takashi Aoyama / Getty Images
Японияда уй қамоғида ушланган Nissan’нинг собиқ раҳбари Карлос Гон Кунчиқар мамлакатдан мусиқа асбоби ғилофида олиб чиқиб кетилган. Унинг Ливанга қочишини хусусий ҳарбий компания ходимлари амалга оширган. Бу ҳақда Ливаннинг MTV телеканалига иқтибос келтирган ҳолда Gulf News нашри хабар берди.
Гон Японияни 30 декабрда тарк этишга муваффақ бўлган. Унинг Токиодаги уйига ёлланма шахслар гуруҳи янги йил билан табриклаш баҳонасида мусиқачилар кўринишида кириб, уни мусиқа асбоби ғилофида олиб чиқиб кетишган. Япония хавфсизлик ходимлари эса шубҳали ҳеч нарса сезишмаган.
Сўнгра Гон кичикроқ аэропортга олиб борилиб, у ердан Туркияга, сўнгра хусусий самолётда Ливанга учиб кетган. Гон Япония чегарасини қонуний равишда кесиб ўта олмаган, чунки унинг Ливан, Франция ва Бразилия паспортлари унинг адвокатларида бўлган.
Маълум қилинишича, Ливанда Гон президент Мишел Наим Аун билан учрашиб, давлатдан хавфсизлик кафолатини олган. Таъкидланишича, Ливан фуқаролигига эга бўлган Nissan’нинг собиқ раҳбари Ливанда катта ҳурматга эга. Бундан ташқари, Ливан ва Япония ўртасида экстрадиция ҳақида келишув йўқ.
Гоннинг ўзи 31 декабрда Ливанда эканлигини тасдиқлаган ва “адолатсиз япон суди асирида бошқа қолишни истамагани”ни айтган.
Японияда молиявий фирибгарликларда айбланган Гон 2018 йил кузида ҳибсга олиниб, 2019 йил мартида гаров пули эвазига озодликка чиқарилган. Унга Японияни тарк этиш ва рафиқаси билан мулоқот қилиш тақиқланган эди. У Японияда 80 млн долларлик даромадни яширишда айбланмоқда. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг