date
views 4 433

Саида Мирзиёева Бутунжаҳон аёллар форумида нутқ сўзлади (фото)

Саида Мирзиёева Бутунжаҳон аёллар форумида нутқ сўзлади (фото)
16-17 февраль кунлари БААнинг Дубай шаҳрида Бутунжаҳон аёллар форуми бўлиб ўтмоқда.
Форумнинг дастлабки кунида Ўзбекистонда гендер тенглигини таъминлаш комиссияси аъзоси Саида Мирзиёева нутқ сўзлади.

«Келажак ҳақида фикр юритувчилар ва инноваторларга аёллар, ёш авлоднинг келажаги, замонавий дунёда улар дуч келаётган қийинчиликларни муҳокама этиш ҳамда биз кўришни истайдиган келажакни лойиҳалаш учун Бирлашган Араб Амирликларидан яхшироқ жой йўқ», – деди Мирзиёева нутқи аввалида.

У БААнинг «тараққиётга қанчалик тез эришиш мумкинлигини кўрсатувчи намуна» эканини таъкидлаб, мамлакатнинг истисноларсиз бутун жамият учун хавфсиз ҳудудга айлана олганини эътироф этди.

«Биз бугун бу ерда эканимизнинг боиси – тажриба алмашиш, бир-биримизни қўллаб-қувватлаш ва руҳлантириш, қолаверса жамиятларимиздаги аёлларнинг ролини ошириб, уларга инсоният цивилизациясига ўз ҳиссаларини қўшиш имконини яратиб беришдир.
Шунга аминманки, ўзбек аёлларининг ҳам дунёга айтар сўзи бор – улар инсониятнинг иқтисодий ва маданий тараққиётига салмоқли ҳисса қўша олишади
», – деди Саида Мирзиёева.

Ўзбекистон вакили мамлакат тарихининг оғир синовли йилларини эслаб ўтиб, бу даврларда ҳам аёллар жамият ҳаётида кечган воқеликларнинг ажралмас қисми бўлиб келганини таъкидлади.

«Ўзбекистоннинг узоқ тарихи – аёлларимизнинг ҳам ўтмишидир. Шоирлар, давлат расмийлари, дипломатлар, муҳандислар, ҳамширалар, рафиқа ва оналар. Бу нозик шарқона санъат бўладими, ёки қатъий ва аниқ фанларми – ўзбек аёллари барча соҳаларда аъло даражада илгарилаб боришди, аммо сояда қолиб келишди.

Уларга бошларини баланд кўтариб, ўз қобилиятлари ва маҳоратларини қўрқмай, чекловларсиз кўрсата олиш имконини берадиган вақт келди
», – деди Мирзиёева.

У ўз сўзида Ўзбекистон аёллар ва имконияти чекланган шахсларнинг ҳуқуқлари юзасидан БМТ, ЕХҲТ, Жаҳон Банки, Ислом Тараққиёт Банки каби халқаро тузилмалар билан ҳамкорликда иш олиб бораётгани, мамлакатда гендер тенглигига катта эътибор қаратилаётгани ҳақида гапириб ўтди.

«Бувим иккинчи жаҳон уруши йилларида турмуш ўртоғини ҳам руҳан, ҳам молиявий жиҳатдан қандай қўллаб-қувватлаганини яхши эслайман. Онамнинг отам ва биз фарзандларига чексиз мадад ва меҳр-муҳаббатини аямагани доим ёдимда туради», – дейди Саида Мирзиёева.

Ўзбекистонда гендер тенглигини таъминлаш комиссияси аъзоси сўзида давом этар экан, мамлакат тараққиётида катта ютуқлар қўлга киритилаётгани, шу билан бирга жамият янги таҳдидлар билан тўқнаш келаётганини айтиб ўтди.

«Бу жараёнларнинг барчасида аёллар энг олдинги қаторларда туришибди – қишлоқ жойларда ресурслар етишмовчилигидан азият чекишяпти. Шаҳарларда эса оиладаги аёллик мажбуриятларини касби билан қўшиб бажаришда қийинчиликка учрашяпти.

Давр тақозоси билан биз ҳам яхши она, ҳам яхши мутахассис бўлишимиз, жамиятимнинг олд қаторларида юриш билан бирга оиладаги молиявий барқарорлик ҳақида қайғуришимиз лозим
», – деди у.

Саида Мирзиёева Ўзбекистон ривожига катта ҳисса қўшган аввалги авлод вакиллари бўлмиш аёллар мамлакатдаги ҳозиргидек гендер тенглигини тасаввур ҳам қилишмаганини қўшимча қилиб ўтди.

«Бугунгидек имкониятларга эгалигимиз учун оналаримиз ва бувиларимиз олдида қарздормиз. Улар эришган натижаларни сақлаб қолиш баробарида кейинги авлод қизлари учун янги марраларга етишимиз, стереотипларни енгиб ўтиб, бу ўзгаришларни кундалик ҳаётнинг бир қисмига айлантириш масъулияти елкамизда турибди», – дея қайд этди Мирзиёева.

Унинг фикрича, бу йўлдаги энг қийин масала – аёлларнинг ўзларини улар энг яхшисига муносиб эканини ишонтира олишдир.
«Бизнинг аёлларимиз жаҳон тараққиётига ҳисса қўша оладилар. Бизнинг вазифамиз эса ана шунинг учун замин яратиб бериш.

Энг мушкул вазифа – аёлларимизнинг ўзларини улар энг яхшисига муносиб эканликларига ишонтиришдир. Олдимизда қийин йўл турибди, аммо бу шунга арзийди. Аёлларимизга куч бағишлаш орқали биз миллатимизга куч берамиз, инсониятни мустаҳкамлаймиз!
» – дея ўз нутқини якунлади Саида Мирзиёева.

Саида Мирзиёева АҚШ президентининг маслаҳатчиси Иванка Трамп (чапда) ва Халқаро Валюта Жамғармаси ижрочи директори Кристалина Георгиева (ўртада) билан

БАА Вице-президенти ва Бош вазири, Дубай амири Муҳаммад бин Рашид Ал-Мактум билан

Дубай валиаҳд шаҳзодаси Шайх Ҳамдан бин Муҳаммад Ал Мактум билан
Эслатиб ўтамиз, Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди раисининг ўринбосари Саида Мирзиёева Дубай амирлиги шайхи Манал бинт Муҳаммад бин Рашид Ал Мактум зоти олиялари таклифига биноан Дубайда бўлиб турибди.

Икки кунлик анжуманда 87та давлатдан жами 3 мингдан ортиқ делегат қатнашмоқда. Форум доирасида 60дан зиёд воркшоп ва сессияларда турли мавзулар муҳокама қилинади.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Саида Мирзиёева Бутунжаҳон аёллар форумида нутқ сўзлади (фото)