22:00 / 02.04.2020
3 652

Хитойда ит ва мушукларни ейиш тақиқланди

Хитойда ит ва мушукларни ейиш тақиқланди
Фото: Getty Images
Хитойнинг Шэнчжэн шаҳрида ит ва мушуклар гўштини сотиш ва ейиш тақиқланди.
Февраль ойида Хитой ҳукумати COVID-19 хасталигини келтириб чиқарувчи коронавирус эпидемиясининг олдини олиш мақсадида, ёввойи ҳайвонлар гўштини сотиш ва ейишни тақиқлаган эди.

Энди эса Шэнчжэн шаҳрида уй ҳайвонлари бўлмиш ит ва мушукларни ейиш ҳам тақиқланди. Бу ҳақдаги қарор 1 майдан кучга киради. Шэнчжэн бундай тақиқни жорий қилган Хитойдаги илк шаҳар бўлди.
Қайд қилиш жоизки, ит ва мушуклар гўшти Хитойнинг барча ҳудудларида истеъмол қилинмайди. Кўпчилик хитойликлар ҳеч қачон ит гўштини емаган ва уни татиб кўришга интилмаган.

Хитойлик олимлар ўтказган тадқиқотларга кўра, мушукларга коронавирус юқиши мумкин. Аммо вируснинг мушукдан одамга юқиши ҳақида тасдиқланган маълумотлар йўқ.
Олимларнинг аниқлашича, вирус ҳаво-томчи йўли орқали мушукдан мушукка юқади. Бироқ, итлар, товуқлар, чўчқа ва ўрдаклар орасида бундай ҳолат кузатилмаган.

Тадқиқот давомида бешта мушукка бурун бўшлиғидан коронавирус киритилган. 6 кундан кейин уларда вирус борлиги аниқланган. Шундан сўнг, касал мушуклар соғлом мушуклар ёнига қўйилган. Бироз вақт ўтгач, уларда ҳам вирус борлиги аниқланган. Қайд қилинишича, зарарланган мушукларнинг барчасида вирусга қарши антитана пайдо бўлган.

Аввалроқ, Бельгияда уй мушуги коронавирусни юқтириб олгани маълум бўлган эди. Унинг эгасида COVID-19 аломатлари аниқланганидан сўнг, 1 ҳафта ўтгач, мушукда ҳам нафас олиш қийинлашиши, қусиш ва ич кетиши кузатилган. Унинг таҳлиллари эса коронавирус юқтириб олганини тасдиқлаган эди.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Хитойда ит ва мушукларни ейиш тақиқланди