19:45 / 08.05.2020
3 003

Россия: Коронаинқирознинг плюс ва минуслари

Россия: Коронаинқирознинг плюс ва минуслари
Фото: Getty Images
Россия коронавирус билан Европа Иттифоқи мамлакатларига нисбатан анча кеч рўбару бўлди. Аммо эпидемия жиддий қабул қилинмагани ва бошқа баъзи омиллар кунлик вирусга чалиниш ҳолатларининг 10 мингдан ошиб кетишига сабаб бўлди. Ушбу қўрқинчли рақамлар эса инқирознинг даҳшатли манзарасини чиза бошлади.

Россия – эътибор марказида
2020 йил бошидан эътиборан янги турдаги коронавирусга қарши кураш энг катта глобал муаммога айланди. Агар бугунги кунга қадар содир бўлган воқеаларга назар ташланса, дунё, аслида, ушбу эпидемияга тайёр эмаслиги ва ҳар бир мамлакат вирусга қарши ўз имконияти ва услуби билан курашаётганини кўриш мумкин.

Ҳатто Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) ҳам ушбу бало қаршисида ожиз қолди. Сўнгги йилларда халқаро майдондаги муаммоларга шунчаки муносабат билдириш, баёнот бериш билангина кифояланиб келаётган БМТ ҳам бу борада эътирофга арзигулик бирор ишни қойиллата олмади. Қолаверса, Covid-19’нинг ўлимчил сояси остида қолган Буюк Британиянинг Европа Иттифоқидан чиқиши натижасида юзага келган кемтик келгусида глобал сиёсий ва ижтимоий-иқтисодий мувозанатда жиддий ўзгаришлар юзага келишига ишора қилмоқда.

Бугунги кунда сайёрада Туркманистон, Шимолий Корея, Лесото ва бир неча орол давлатни ҳисобга олмаганда, коронавирус тажовузига дучор бўлмаган давлат қолмади. Албатта, ушбу жараёнда баъзи давлатлар кўпроқ, баъзилари эса камроқ йўқотишга учради. Ҳукуматлар томонидан қабул қилинган қарорлар ҳам турлича бўлди. Айниқса, Россия сўнгги кунларда вирус шиддат билан ёйилаётган мамлакат сифатида дунё афкор оммаси эътибор марказида бўлиб турибди.

Рақамлар ортишининг қандай сабаблари бор?
Агар Хитой-Россия чегараси 4 минг километрдан кўпроқ масофани ташкил қилишини, қолаверса, вируснинг «ватан»и Хитой эканини ҳисобга олсак, Россиядаги бу ҳолат, аслида, олдинроқ рўй бериши мумкин эди. Россия январь ойида Хитой ва Мўғулистон билан чегараларини ёпди. Айтиш мумкинки, ушбу қадам Covid-19 билан «учрашув»ни кейинга сурди. Шу билан биргаликда, Россия бошқа давлатлар билан чегараларини 30 мартга қадар очиқ қолдирди. Бу эса апрель ойининг иккинчи ярмидан мамлакатда коронавирус кенг миқёсда тарқалишига сабаб бўлди. Хўш, кунлик ҳолатлар сони 10 мингдан кам бўлмаётган Россияда рақамлар тобора юқорилаб бораётгани яна қандай омиллар билан боғлиқ?

Covid-19 гриппнинг бир тури сифатида баҳоланди
Россияда дастлаб ушбу касалликка чалинганлар одатий шамоллаш ёки грипп, деб баҳоланди. Натижада керакли чора-тадбирлар кўрилганига қарамай, халқ Covid-19’ни жиддий қабул қилмади. Яъни худди Скандинавия мамлакатларида бўлгани каби коронавирус гриппнинг бир тури сифатида қабул қилинди.

Эпидемия фитна назарияларига боғланди
Шунингдек, баъзи руҳонийларнинг оммавий маросимларни давом эттириши, айрим доираларда эса эпидемияни фитна назарияларига боғлашга уринилгани пировардида русларнинг жараён билан боғлиқ асл ҳақиқатни англаб етишига тўсқинлик қилди. Зотан, Россияда ҳар йил қиш ойларида кўплаб инсонларнинг грипп ва шамоллашдан вафот этиши, қолаверса, статистикага кўра, Covid-19 ўлим даражасининг 2 фоиз экани ҳам русларни ғафлатда қолдирди.

Ҳар бир маъмурий ҳудуд алоҳида ва фарқли чоралар кўрмоқда

Фото: Дмитрий Серебряков/ТАСС
Сўнгги кунларда Россияда вирусга чалиниш ҳолатлари кўпайишининг яна бир сабаби эса давлатнинг маъмурий тузилмасидан келиб чиқувчи Covid-19’га қарши кураш усулидир. Яъни Россиянинг ҳар бир маъмурий вилояти эпидемияга қарши курашишда ўз услубидан фойдаланмоқда, алоҳида ва фарқли чоралар кўрмоқда. Баъзи ҳудудлар иқтисодий жиҳатдан етарли ресурсларга эга эмаслиги сабабли вирусга қарши курашда жиддий қийинчиликларга дуч келяпти.

Устига устак, шаҳарлараро транспорт ҳаракати тақиқланмагани учун турли минтақаларнинг фарқли чора-тадбирлари, умумий миқёсда олганда, мамлакатга салбий таъсир кўрсатмоқда.

Чекловлар тезда бекор қилинди
Айтиш мумкинки, вирус билан боғлиқ ҳолатлар сони ортишига қарши кўрилган чора-тадбирлар жуда қисқа муддатдан сўнг бекор қилингани ҳам сабаб бўлди. Ҳолатлар сони ортиб бораётган бир пайтда баъзи ҳудудларда чора-тадбирлар юмшатилиши, савдо марказлари ва сартарошхоналар очилиши, ниқоб тақиш мажбурий эмаслиги каби омиллар умумий вазиятга жиддий салбий таъсир ўтказди.

Беморларнинг ярмидан кўпи Москвада

Москва мэри Сергей Собянин Новая Москвадаги янги инфекцион шифохонада
Фото: Владимир Гердо/ТАСС

Россияда коронавирусга қарши курашишни қийинлаштирадиган яна бир нуқта – вирусга чалиниш ҳолатларининг ярмидан кўпи пойтахт Москвада аниқланганидир. Табиийки, бу ҳол пойтахт шифохоналари ишини янада мураккаблаштирмоқда.

Қолаверса, узоқ йиллар давомида Россия соғлиқни сақлаш тизимида муаммолар йиғилиб қолган эди. Гарчи Владимир Путиннинг энергия манбалари нархи юқори бўлган иккинчи президентлиги даврида (2004-2008 йиллар) соғлиқни сақлаш, аҳоли сонининг кўпайиши каби муҳим соҳаларга инвестиция киритилганига қарамай, тиббиёт соҳасидаги айрим муаммолар бартараф этилмади. Масалан, 2019 йил охирида кўплаб шаҳарларда тиббиёт ходимлари иш ҳақи камлиги сабабли истеъфога чиқишди ва норозилик намойишларида иштирок этишди. Бу ҳам табиий равишда Covid-19’га қарши курашда салбий таъсир ўтказмоқда.

Ўлимлар сони нисбатан кам. Нега?
8 май ҳолатига кўра, Россияда коронавирусдан зарарланиш билан боғлиқ ҳолатлар сони 188,7 мингдан ошган бўлса-да, вафот этганлар сони нисбатан кам - 1723 ўлим. Буни Россиянинг шунга ўхшаш касалликларга қарши курашда тажрибага эгалиги ва шифокорлар совет тиббий таълим тизимининг меросхўри экани билан изоҳлаш мумкин.

Ғарб матбуоти Россиядаги ўлимлар сони асл ҳақиқатни акс эттирмаслигини ҳам айтмоқда. Вирусга чалиниш ҳолатлари тез суръатда ўсиб бораётганига қарамай, Россиядаги вазият АҚШ ва баъзи Европа давлатларидаги каби аянчли ҳолда эмас.

Коронавирус иқтисодиётга зарба берди
Таъкидлаш жоизки, коронавирус эпидемияси бошқа мамлакатлар қатори Россия иқтисодиётига ҳам салбий таъсир кўрсатиши аниқ. Нефть нархи кескин пасайиб кетишининг айни мана шу даврга тўғри келгани ҳам Россиянинг ишини янада қийинлаштирмоқда.

Маълумки, Россия ўз даромадининг катта қисмини энергия манбалари ва ҳарбий технологиялар экспортидан олади. Шу маънода, нефть нархи сезиларли даражада пасайиши Россия иқтисодиётига жиддий таъсир қилади, деб айтиш мумкин. Covid-19 туфайли қўлланган чекловларни олиб ташлашга тезда киришилгани ҳам, аслида, иқтисодиётнинг янада катта зарба остида қолишининг олдини олиш учун қилинган ҳаракатдир.

Назаримизда, Россия олдинги йилларда нефть ва табиий газни сотишдан олган ва 2020 йил апрель ойи ҳисоби бўйича 165 миллиард долларни ташкил этувчи даромаддан келгуси даврда фойдаланишга киришади.

Кремль тантанага тайёргарликни бошлаб юборганди, аммо…

Ҳудудларда изоляцияда бўлган кексалар яшовчи уйлар яқинида концертлар уюштирилмоқда
Фото: Егор Алеев/ТАСС

Эпидемия Россиянинг ички ва ташқи сиёсатига ҳам таъсир кўрсатмоқда. Масалан, март ойида Россияда президентлик муддатини чекловчи Конституция моддаси бекор қилиниши масаласида режалаштирилган референдум бекор қилинди. Шубҳасиз, ушбу референдум бўлиб ўтади ва таклиф қилинган тузатишлар ҳеч қандай муаммосиз қабул қилинади. Аммо бугун Владимир Путинни қўллаб-қувватлаш даражаси 60 фоиздан ошган бўлса-да, соғлиқни сақлаш ислоҳоти ва ижтимоий фаровонликни таъминлаш дастурларини ҳаётга татбиқ этиш вақти аллақачон етиб келди.

Коронавирус туфайли бекор қилинган яна бир муҳим тадбир – ҳар йили 9 май куни ўтказиладиган Иккинчи жаҳон урушидаги ғалабанинг 75 йиллигидир. Таъкидлаш жоизки, Кремль бу йилги тантаналарга жуда катта эътибор қаратаётганди. Бунинг иккита муҳим сабаби бор: биринчидан, урушда қатнашиб, омон қолганларнинг сони йилдан йилга камайиб бормоқда, яъни урушда жанг қилган аскарлар ғалабанинг 100 йиллигини нишонлашда қатнаша олмаслиги аниқ. Қолаверса, Иккинчи жаҳон уруши натижалари уни талқин қилишдаги турли ёндашувлар туфайли Россия ва Ғарб ўртасидаги янги «Совуқ уруш» даврида муҳим аҳамият касб этмоқда. Шунинг учун Москва тантанага тайёргарликни аллақачон бошлаб юборган ва дунёнинг барча раҳбарларини ушбу байрамга таклиф қилганди.

Ҳар ёмоннинг бир яхшиси бор

Фото: Сергей Бобылев/ТАСС
Албатта, эпидемиядан сўнг ҳаёт нисбатан нормал ҳолатга қайтганида Россияга фойда келтирадиган жиҳатлар ҳам йўқ эмас. Юқорида айтиб ўтилганидек, ҳозирда Европа Иттифоқидаги кемтиклар тобора кенгайиб бормоқда. Зотан, Россия билан муносабатда ЕИ аллақачон икки блокка ажралиб бўлган. Ушбу масала бўйича фикрий тафовутлар ортиб бориши билан Россияга нисбатан жорий қилинган санкциялар ҳам аста-секин бекор қилиниши мумкин. Бунда Россиянинг Италияга ва ҳатто АҚШга «Россиядан муҳаббат билан» лойиҳаси доирасида юборган ёрдами катта рол ўйнаши аниқ.

Бундан ташқари, Европа Иттифоқи мамлакатлари ўз иқтисодиётларини тезроқ оёққа қўйиб олиш учун 145 миллионлик бозорга яна қайтишни истаб қолишлари мумкин. Зотан, ҳозирданоқ иттифоқ расмийлари санкцияларни бекор қилиш кераклигини таъкидлай бошлашди. Қолаверса, Россиянинг ЕИдаги энг катта рақиби – Буюк Британиянинг иттифоқдан расмий равишда ажралиб чиққани ва ўтиш жараёнининг бошланиши ҳам Россия ва ЕИ ўртасидаги муносабатларга ижобий таъсир ўтказади.

Шубҳасиз, жавоб келади
Келгуси икки ҳафта давомида Россияни оғир кунлар кутмоқда. Миллий иқтисодиёт нуқтайи назаридан, эҳтимол, бу давр ойлар, ҳатто йиллар билан ўлчанар. Аммо бир ҳақиқатни ҳам эътироф этиш лозим: Россия ҳарбийларининг Италия кўчаларида итальян ҳамкасблари билан бирга Covid-19’га қарши бирга курашганлари, шубҳасиз, ўзининг ижобий жавобини олади.

Отабек Тиллаев тайёрлади

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Россия: Коронаинқирознинг плюс ва минуслари