13:50 / 10.06.2020
3 965

Коронавирусни тан олмаган Бурунди президенти вафот этди

Коронавирусни тан олмаган Бурунди президенти вафот этди
Фото: AP Photo
Коронавирус тарқалишига қарши чоралар кўрилишни рад этган Африканинг Бурунди давлати президенти Пьер Нкурунзиза вафот этди. Бу ҳақда ҳукуматнинг Twitter’даги саҳифаси орқали расман маълум қилинди.

Таъкидланишича, президент Нкурунзиза 8 июль куни юрак тўхтаб қолиши оқибатида вафот этган. Маҳаллий ОАВ эса президент ва унинг рафиқаси COVID-19 билан касалхонага тушиб қолганини ёзган.

«Бурунди ҳукумати чуқур қайғу билан жаноби олийлари, республика президенти Пьер Нкурунзиза 8 июнь куни юрак тўхтаб қолиши оқибатида кутилмаганда вафот этганини маълум қилади», — дейилади хабарда.

Май ойининг охирларида давлат раҳбарининг турмуш ўртоғи Дениз Нкурунзиза Кенияда коронавирус инфекциясини юқтириб олганликда гумонланиб, шифохонага ётқизилган эди.

20 май куни Бурундида президентлик сайловлари ўтказилган. Журналистларнинг таъкидлашича, сайловолди кампаниялари вақтида аҳоли жойларда тўплангани сабаб вирус кенг тарқалган бўлиши мумкин. Ҳукумат коронавируснинг хавфи ҳақида оммавий тарғибот-ташвиқот кампанияларини ўтказмаган: Нкурунзиза пандемияга қарши кураш бўйича ҳеч қандай чора кўрмаган.

Президентлик сайловларида Нкурунзиза томонидан қўллаб-қувватланган номзод Эварист Ндайишимие ғалаба қозонганди. Президентлик муддати август ойида тугаши керак эди.

Аввалроқ ЖССТ вакили Африкада коронавирус билан вазият ёмонлашаётганини маълум қилганди. Маълумотларга кўра, 2020 йил 21 апрелда Африка қитъасида коронавирусга чалинганлар сони 22,5 минг нафардан кўпроқ экани, кейинчалик орадан бир ой ўтиб, 21 майда коронавирус юқтириб олганларнинг умумий сони 3 бараварга ортиб 95 минг кишидан ошгани ва 100 мингга яқинлашгани хабар қилинган.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)