19:52 / 03.07.2020
2 536

Коронавирусдан соғайган Нурсултон Назарбоев қозоғистонликларга мурожаат қилди

Коронавирусдан соғайган Нурсултон Назарбоев қозоғистонликларга мурожаат қилди
Фото: Global Look Press
Коронавирусдан соғайган Қозоғистоннинг собиқ президенти Нурсултон Назарбоев қўллаб-қувватлашлар учун ватандошлари ва хорижий сиёсатчиларга миннатдорчилик билдирди. Унинг бу борадаги тегишли мурожаатномаси Назарбоев сайтида эълон қилинган.

«Шифокорларнинг саъй-ҳаракатлари ва уларнинг талаблари ва тавсияларини қатъий бажариш, шунингдек, барчанинг қўллаб-қувватлаш ва илиқ истаклари туфайли касалликни енгдим, ўзимни яхши ҳис қиляпман ва иш фаолиятимга тўлақонли қайтяпман», — деган у мурожаатида.

Нурсултон Назарбоев халқ билан бир қаторда ушбу касалликнинг бутун оғирлигини ҳис қилганини таъкидлади. Собиқ президент даволанаётган ватандошларининг тезроқ соғайиб кетишини, шунингдек, уларга сабр ва матонат тилади.

Назарбоевнинг сўзларига кўра, Қозоғистон президенти ва ҳукумати ҳозирги вазиятдан чиқиш учун барча зарур чораларни кўрмоқда. У вирус билан боғлиқ вазият кўп жиҳатдан аҳолининг ўзига боғлиқлигини қўшимча қилган. Назарбоев ватандошларини дадил бўлишга, тартиб-интизомга чорлади ҳамда зарур гигиена қоидаларига риоя қилиш, ўзлари ва яқинлари соғлиғи ҳақида ғамхўрлик қилиш кераклигини эслатиб ўтди.

Бундан ташқари, Қозоғистоннинг собиқ президенти ўз мурожаатида бир қатор хорижий давлатлар ва ҳукуматлар раҳбарлари, кўзга кўринган сиёсий ва жамоат арбоблари томонидан кўрсатилган эътибор ва қўллаб-қувватлашдан чуқур таъсирланганини билдирган.

Улар қаторидан Россия президенти Владимир Путин, Хитой халқ республикаси раиси Си Цзиньпин, Ўзбекистон раҳбари Шавкат Мирзиёев, Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон, Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедов, Озарбайжон раҳбари Илҳом Алиев ва бошқаларни тилга олиб ўтган.

Эслатиб ўтамиз, Нурсултон Назарбоевнинг коронавирусга чалингани ҳақида 18 июнь куни маълум бўлганди. Шундан сўнг, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Назарбоевга мактуб йўллаб, унинг тез орада тузалиб кетишини тилаганди. Кейинроқ Шавкат Мирзиёев телефон орқали Нурсултон Назарбоевнинг ҳолидан хабар олганди. Коронавирусга чалингани сабабли Нурсултон Назарбоев Москвада 24 июнь куни бўлиб ўтган Ғалаба парадида иштирок эта олмади.

Маълумот учун, Нурсултон Назарбоев Қозоғистонда 1990 йилдан 2019 йилгача президентлик қилган. 6 июль куни у 80 ёшни қарши олади.

Сўнгги маълумотларга кўра, Қозоғистонда коронавирусга чалинганлар сони 23 332 кишига етган. Ҳозирга қадар 14 777 киши соғайган, 188 киши вирус қурбонига айланган. Шунингдек, 20 743 киши коронавирусни белгисиз ташувчи сифатида қайд этилган.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Коронавирусдан соғайган Нурсултон Назарбоев қозоғистонликларга мурожаат қилди