10:24 / 02.08.2020
1 082

Жириновский Лукашенкога президентлик сайловларидан воз кечишни маслаҳат берди

Жириновский Лукашенкога президентлик сайловларидан воз кечишни маслаҳат берди
Фото: Russia.тв
Россия Либерал-демократик партияси етакчиси Владимир Жириновский ўзининг сиёсий фаолиятининг 50 йиллиги муносабати билан ўтказилган тадбирда Беларусь президенти Александр Лукашенкога 9 август куни бўлиб ўтадиган сайловда ўз номзодидан воз кечишни таклиф қилди. Бу ҳақда «РИА Новости»га таяниб, «РБК» хабар берди.

«Ҳокимият бу – қизил йўлак, самолётлар, фахрий қоровул ва ҳамманинг таъзим қилиши ... Бу энг ёмон наркотик. Лукашенко булардан воз кечолмайди», – деди Жириновский.

Жириновиский Беларусь раҳбарига чиройли сайлов ўтказишни маслаҳат берган.
«Александр Григоревич, (сайловдан) воз кечинг ва номзодингизсиз чиройли сайловлар ўтказинг», – дея маслаҳат берди партия раҳбари.

Мамлакатни 1994 йилдан бери бошқариб келаётган Лукашенко кетма-кет олтинчи муддатга сайланмоқчи. 14 июль куни Беларусь Марказий сайлов комиссияси унинг номзодини рўйхатга олди. Ҳозирги давлат раҳбаридан ташқари яна тўрт киши президентликка даъвогар. Булар: блогер Сергей Тихановскийнинг рафиқаси Светлана Тихановская, «Ҳақиқатни гапиринг» уюшмасининг ҳамраиси Андрей Дмитриев, собиқ депутат Анна Канопацкая ва Беларусь Социал-демократик партияси етакчиси Сергей Черечень.

Марказий сайлов комиссияси яна иккита мухолиф номзодни — «Белгазпромбанк»нинг собиқ раҳбари Виктор Бабарико ва Hi-Tech Park’нинг собиқ директори Валерий Сепкалони рўйхатдан ўтказишни рад этди. Шундан сўнг Беларусда норозилик намойишлари бошланди.

Сепкало «РБК»га берган интервьюсида норозиликларнинг кучайиши фуқароларнинг иқтисодий даражасининг пасайиши, бир кишининг бошқарувидан чарчаш ва сиёсий эркинликнинг йўқлиги билан изоҳлади.

«Менимча, одамлар битта одамнинг узоқ вақт ҳукмронлигидан жуда чарчаган. Энди одамлар ўзгаришни хоҳламоқда», – деди Сепкало.

Аввалроқ Беларусда 64 минг киши иштирок этган норозилик намойиши бўлиб ўтгани ҳақида хабар берилган эди. Намойиш номзод Светлана Тихановскаяни қўллаб-қувватлаш мақсадида ўтказилган.

Шунингдек, Беларусдаги сайловлар арафасида 30 дан ортиқ россиялик ҳибсга олинган. БЕЛТА давлат агентлигининг сўзларига кўра, улар вазиятни беқарорлаштириш мақсадида мамлакатга келган. Беларусь Тергов қўмитаси ҳибсга олинганларни оммавий тартибсизликларни тайёрлашда гумон қилмоқда.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)