11:05 / 07.08.2020
1 847

Трамп TikTok иловасига қарши чоралар ҳақидаги фармонни имзолади

Трамп TikTok иловасига қарши чоралар ҳақидаги фармонни имзолади
Фото: Reuters
АҚШ президенти Дональд Трамп TikTok иловасига эгалик қилувчи Хитойнинг ByteDance компанияси ва унинг тармоқлари билан ҳар қандай битимни тақиқловчи фармонни имзолади. Тақиқ фармон эълон қилинганидан 45 кун ўтгач, яъни сентябрь ойи охирида кучга киради.

«Қўшма Штатлар ўз миллий хавфсизлигини ҳимоя қилиш мақсадида TikTok эгаларига қарши тажовузкор ҳаракатларни амалга ошириши шарт», - дейилади Трамп фармонида.

Ҳужжатда кўрсатилишича, TikTok «фойдаланувчиларнинг турган жойи, кирган сайтлари, шунингдек, интернет орқали излаган ахбороти ҳақидаги маълумотларни тўплайди». Бу эса «Хитойга федерал хизматчилар ва пудратчиларнинг турган жойини кузатиб бориш, шантаж мақсадида шахсий маълумотларини тўплаш, шунингдек, саноат жосуслигини амалга ошириш» имконини бериши мумкин.

«Шунингдек, TikTok баъзи маълумотларга кўра, Хитой Коммунистик партияси сисёсий таъсирга эга деб ҳисоблайдиган контентга нисбатан цензурани амалга оширади», - дейилади фармонда.

«Бу мобил иловадан Хитой Коммунистик партиясига манфаатли бўлган дезинформация кампаниясини ўтказишда ҳам фойдаланиш мумкин», - деб ҳисобламоқда Вашингтон. Ҳужжатда, мисол тариқасида, TikTok «янги коронавируснинг келиб чиқиши ҳақидаги фитна назарияларини фош қилиб ташлаш» ҳақидаги маълумотларни тарқатаётгани кўрсатилган. «Бу хатарлар ҳаққоний», - деб ҳисобламоқда президент.

3 август куни Трамп Microsoft ёки Американинг бошқа компанияси 15 сентябрга қадар TikTok иловасини сотиб олиши шартлигини, акс ҳолда, ижтимоий тармоқ АҚШ ҳудудида тақиқланишини айтган эди.

Bloomberg хабарига кўра, Трамп ByteDance компаниясини TikTok иловасининг АҚШ бўлимидаги ҳиссасидан воз кечишга мажбурламоқчи. Қўшма Штатлар маъмурияти илова раҳбариятининг тарғибот билан шуғулланаётгани ва фойдаланувчилар ҳақидаги маълумотларни Хитой ҳукуматига етказаётганидан хавотирга тушган.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Трамп TikTok иловасига қарши чоралар ҳақидаги фармонни имзолади