18:43 / 18.10.2020
1 196

Хитойда музлатилган маҳсулотлар ўрамидан тирик коронавирус топилди

Хитойда музлатилган маҳсулотлар ўрамидан тирик коронавирус топилди
Фото: Reuters
Хитойда музлатилган маҳсулотлар қадоғи устидан биринчи марта тирик коронавирус топилди. Бундай қадоққа тегиш натижасида эса одам вирусни юқтириши мумкин, деб ёзади «РБК» Хитой Касалликлар назорати ва профилактикаси марказига таяниб.

Мамлакат шарқидаги Циндао шаҳрида COVID-19 қайтадан авж олиб кетиши сабабини текшириш чоғида мутахассислар четдан олиб келинган музлатилган треска балиғи ўрами устида тирик коронавирусни топган.

«Циндаода музлатилган маҳсулотлар ўрамида тирик коронавируснинг топилиши — янги коронавирус муайян шароитларда узоқ вақт давомида ўрамда сақланиши мумкинлиги лабораториядан ташқарида тасдиқланган биринчи ҳолатдир», — дея маълум қилишди Хитой Касалликлар назорати ва профилактикаси марказида.

Ҳозирча музлатилган маҳсулотларга тегиш натижасида коронавирус юқтириш билан боғлиқ бирорта ҳам ҳолат қайд этилмаган. Бундай усулда юқтириш хавфи мавжуд, аммо у жуда паст.

Шу билан бирга, Хитой Касалликлар назорати ва профилактикаси маркази музлатилган маҳсулотлар билан ишлайдиган одамларга уларга ҳимоя воситасисиз тегмасликни маслаҳат берди. Шунингдек, уларга иш кийимини ечиб, қўлни ювгунга қадар оғиз, бурун ёки кўзга қўл билан тегмасликни, шунингдек, COVID-19 тестидан тез-тез ўтиб туришни тавсия этишди.

Аввалроқ Хитойда музлатилган маҳсулотлар ўрамида тирик вирус эмас, балки COVID-19 заррачалари топилган эди. Улар Хитойнинг Анхой провинциясида Эквадордан келган креветкалар қадоғида аниқланган.

Эслатиб ўтамиз, Хитойнинг Циндао шаҳрида тўрт кун ичида қарийб 10 миллионта коронавирус тести ўтказилди ва соғлиқни сақлаш бўйича маҳаллий комиссия раиси Сунь Чжэньхуа лавозимидан озод этилди. Шаҳарда коронавирус юқтириш билан боғлиқ 12 та янги ҳолат аниқланганидан кейин шундай қарорга келинган.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)