15:10 / 04.11.2020
785

Шимолий Корея COVID-19’га қарши курашиш учун чегараларини миналаштирди

Шимолий Корея COVID-19’га қарши курашиш учун чегараларини миналаштирди
Фото: Yonhap
Жанубий Корея разведкасининг маълум қилишича, КХДР мамлакатга коронавирус кириб келишининг олдини олиш учун қатъий чоралар кўришга қарор қилди ва Хитой билан чегараларни миналаштирди. Бу ҳақда Жанубий Кореянинг Yonhap агентлигига таяниб, «РИА Новости» хабар берди.

Агентлик маълумотларига кўра, бу маълумотни Жанубий Корея парламенти эшитувига давлат разведка бошқармаси тақдим этган. Матбуотга эса бу маълумотни парламент депутати, «Фуқаролик кучи» мухолифат партияси вакили Ха Тхе Гён «сиздирган».

Разведка томонидан қайд этилишича, КХДР ўз тиббиёт инфратузилмасининг ривожланмаганини ҳисобга олиб, COVID-19’нинг мамлакатда тарқалиши ҳалокатли оқибатларга олиб келиши мумкинлигидан хавфсирамоқда.

Хабар берилишича, КХДРда 2020 йилнинг 27 февраль куни партия тузилмаси ичида фойдаланиш учун мўлжалланган ҳужжат тарқатилган. Ҳужжатга кўра, КХДРда коронавирус тарқалган тақдирда мамлакатда 500 минг киши вафот этиши мумкин.

«Шимол чегараларни ёпди ва Хитой билан чегара участкаларини миналаштирди», — дея маълум қилган Ха Тхе Гён. Унинг сўзларига кўра, хориждан ва Жанубий Кореядан КХДРга импорт тақиқланган, хориждан маҳсулотларни мамлакатга киришига йўл қўйган божхоначилар жиддий жазоланади.

Жанубий Корея разведкасининг ишонч билдиришича, КХДРда инфекция тарқалишини назорат қила олмаган мансабдорларга ўлим жазоси хавф солади. Бироқ бу мавзуда матбуотда бирорта мисол келтирилмаган.

Шу билан бирга, 22 сентябрь куни КХДР чегарачилари Сариқ денгиздаги чегара сувларида Шимолий Корея томонга сузиб борган жанублик балиқ назорати инспекторини отиб ташлаган. Унинг жасади эса противогаз ва ҳимоя кийимидаги ҳарбийлар томонидан ёқиб юборилгани хабар қилинган.

Разведка маълумотларига кўра, КХДР етакчиси Ким Чен Ин бу ҳодисани тергов қилиш бўйича кўрсатма берган. Жанубий Корея ҳарбийлари эса вафот этган кишининг яқинларига шимоллик ҳарбийларнинг суҳбатлари ҳақидаги маълумотларни тақдим этишдан бош тортган ва бунинг ҳарбий сир эканлиги айтган.

Ўз навбатида КХДР мамлакатда коронавирус инфекцияси мавжуд эмаслигини таъкидлаб келмоқда.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)