18:33 / 31.01.2021
1 106

Жо Байден «АҚШнинг дунёдаги ўрнини қайта тиклаш» режасини ишлаб чиқмоқда

Жо Байден «АҚШнинг дунёдаги ўрнини қайта тиклаш» режасини ишлаб чиқмоқда
Фото: AP Photo
АҚШ президенти Жо Байден 1 февраль, душанба куни мамлакатнинг ташқи сиёсатда тутган йўли борасидаги режаларни эълон қилади. Бу ҳақда NBC News давлат раҳбари маъмуриятидаги юқори мансабли манбасига таяниб хабар берди, деб ёзади «РБК».

Унинг сўзларига кўра, Байден «АҚШнинг дунёдаги ўрнини қайта тиклаш»га қаратилган ташқи сиёсат бўйича ниятларини маълум қилади. Мансабдорнинг айтишича, бу Байденнинг лавозимига киришганидан кейинги биринчи муҳим сиёсий мурожаати бўлади ва у Давлат департаментига режалаштирилган ташриф чоғида эълон қилиниши мумкин. У ерда президент давлат котиби Энтони Блинкен билан учрашув ўтказмоқчи, шунингдек, идора ходимлари билан суҳбатлашмоқчи.

Телеканал манбалари маълум қилишича, Байден Давлат департаментида бўлган пайти АҚШнинг дунё майдонидаги ҳодисаларга нисбатан янгича ёндашувини намойиш қилишга интилишлари билан боғлиқ бўлган бир қатор фармойишларни имзолаши кутилмоқда. Шундай ҳужжатларнинг бирига мувофиқ, АҚШнинг аввалги маъмурияти томонидан оилаларидан ажратилган муҳожирларни яна оилалари билан бирлаштириш билан шуғулланувчи бутун бир гуруҳни шакллантириш режалаштирилмоқда.

Байден 20 январь куни АҚШ президенти лавозимига киришди. Ўша вақтдан буён у Дональд Трампнинг бир нечта буйруқларини бекор қилишга улгурди. Хусусан, Байден АҚШни иқлим бўйича Париж битимига қайтарди, мамлакатнинг Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотидан чиқишини бекор қилди, Мексика билан чегарада девор қурилишини тўхтатди, АҚШга баъзи ночор мамлакатлар фуқароларининг киришига рухсат берди ва Канададан АҚШга келадиган нефть қувури қурилиши учун берилган рухсатни бекор қилди.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)


Янгиликлар » Дунё » Жо Байден «АҚШнинг дунёдаги ўрнини қайта тиклаш» режасини ишлаб чиқмоқда