13:23 / 20.03.2021
2 082

Эрдўғон Байденнинг Путин ҳақидаги гапларини қоралади

Эрдўғон Байденнинг Путин ҳақидаги гапларини қоралади
Фото: Al Arabia
Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон америкалик ҳамкасби Жо Байденнинг Россия етакчиси Владимир Путин ҳақидаги гапларини қоралади. Бу ҳақда «Интерфакс» хабар берди.

«Байденнинг Путин ҳақидаги баёноти давлат раҳбари учун қабул қилиб бўлмас ҳолат», — деди Эрдўғон журналистларга.
Шунингдек, у Путиннинг воқеага муносабатини маъқуллади.

Аввалроқ Оқ уй вакили Жен Псаки Байденнинг Россия раҳбарига қаратилган кескин сўзларидан афсусланмаслигини таъкидлади.
«Йўқ. Президент очиқ саволга очиқ жавоб берди», — деди у брифингда Байденнинг сўнгги баёнотлари ҳақидаги журналистнинг саволига жавобан.

Аввалроқ АҚШ президенти Жо Байден ABC телеканалига берган интервьюсида журналистнинг «Россия президенти Владимир Путинни қотил деб ҳисоблайсизми?» — деган саволига тасдиқ жавобини берди. «Ммм, ҳмм, ҳа», — дея жавоб қилди Байден ундан интервью олаётган Жорж Стефанополуснинг саволига.

Кремль эса Жо Байденнинг Владимир Путин ҳақидаги баёнотларини «жуда ёмон» деб ҳисоблашини айтди. Бу ҳақда Россия президентининг матбуот котиби Дмитрий Песков журналистларга берган интервьюсида айтиб ўтди.

«Мен бунга муносабат билдириш учун кўп гапириб ўтирмайман. Фақат шуни айтмоқчиманки, бу АҚШ президентининг жуда ёмон баёноти бўлди. У шубҳасиз, мамлакатимиз билан муносабатларни яхшилашни истамайди. Буёғига биз ҳам шундан келиб чиқиб иш кўрамиз», — деди Песков.

Ўз навбатида, Путин АҚШ давлат раҳбари Жо Байденга тўғридан-тўғри эфир орқали мулоқот қилишни таклиф этди. АҚШ президенти Жо Байден Россия президенти Владимир Путин уни таклиф қилган очиқ муҳокамага розилик бериш-бермаслиги ҳақидаги саволни эътиборсиз қолдирди.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)


Янгиликлар » Дунё » Эрдўғон Байденнинг Путин ҳақидаги гапларини қоралади